БЕКМУРОД АБДУЛЛАЕВ РЕАБИЛИТАЦИЯ АСОСИДА ОҚЛАНГАНИ АЙТИЛМОҚДА
ИИВнинг собиқ ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича қўйилган айбловлардан реабилитация асосида тўлиқ оқлангани айтилмоқда. Унинг депозит ҳисобига киритилган маблағлари ҳам қайтарилиши белгиланган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев унга қўйилган жиноий айбловлар бўйича реабилитация қилиш йўли билан оқлангани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Мавжуд маълумотларга кўра, Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш моддасининг бир қатор қисм ва бандлари билан қўйилган айбловлар бўйича оқлов қарори чиқарилган.
Шу муносабат билан унинг депозит ҳисобварағига киритилган пул маблағлари ҳам ўзига қайтарилиши белгилангани айтилмоқда.
Бекмурод Абдуллаев 2021 йил апрелида ички ишлар вазири ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Унга қадар Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари, ИИВнинг Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2021 йилда у II даражали «Шон-шараф» ордени билан ҳам мукофотланган.
2025 йил 3 ноябрда Абдуллаев президент қарори билан ИИВдаги лавозимидан озод этилди. Шу куни Жазони ижро этиш департаменти раҳбари Рустам Турсунов ҳам вазифасидан четлатилган эди. Ўша пайтда уларнинг ишдан олиниши сабаблари очиқланмаган.
Орадан бир неча ой ўтиб, 2026 йил январда Абдуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва у қамоққа олингани маълум бўлди. 27 январда президент Шавкат Мирзиёев ИИВ тизимидаги давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланганини, мазкур иш доирасида Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини айтган эди.
2026 йил апрелида эса ОАВ Абдуллаевнинг қамоқдан чиқарилгани ҳақида хабар берди. Kun.uz манбаларига кўра, 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўланганидан кейин қамоқ эҳтиёт чораси гаровга алмаштирилган. Ўша вақтда бу пул «етказилган зарарни қоплаш» сифатида талқин қилинган эди.
Июль ойида жиноят иши судга оширилди. Суд ҳужжатларида Абдуллаевга Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича бир нечта айблов қўйилгани кўрсатилган. Иш доирасида жами 30 нафар шахс судланаётгани маълум қилинди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг