МАРМАР ГЎШТ, ШАХСИЙ ОШПАЗ ВА ЭНДИ ДЎРМОНДАГИ ДАЧА
Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев атрофидаги мармар гўшт, шахсий ошпаз ва уй хизматчилари ҳақидаги иддаоларга энди Дўрмондаги дача ҳақидаги даъво ҳам қўшилди. Элтузар координата очиқланган, аммо мулк эгаси ҳали аниқланмаганини ёритмоқда.
Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги собиқ вакили Азизбек Тоштемиров агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевга қарши яна бир иддао билан чиқди. Бу сафар у Мусаев фойдаланиши айтилган дала ҳовлининг Дўрмондаги локациясини эълон қилди. Аввал мармар гўшт, шахсий ошпаз ва уй хизматчилари ҳақида айтилган гаплар энди дачага кўчди.
Азизбек Тоштемиров ўзининг «Koreya 24 soat» Telegram каналида Беҳзод Мусаевга тегишли эканини иддао қилаётган дала ҳовлининг жойлашувини кўрсатувчи Google Maps скриншотини эълон қилди.
Скриншотда Дўрмондаги дала ҳовлисининг координаталари кўрсатилган. Ушбу ҳудудда юқори лавозимли амалдорлар ва давлат арбоблари учун ажратилган махсус дачалар жойлашган.
Тоштемировнинг иддаосича, Беҳзод Мусаев айнан шу ердаги дала ҳовлидан фойдаланади. Тоштемиров бу даъвони аввал айтган бошқа гаплари — Мусаев учун Кореядан қимматбаҳо мармар гўшт келтирилгани ва уни шахсий ошпаз тайёрлагани ҳақидаги маълумотлар билан боғламоқда.
Элтузар ҳозирча ушбу координатадаги объектнинг кимга тегишли экани, унинг кадастр мақоми, давлат мулкими ёки бошқа шаклдаги объект эканини мустақил тасдиқлай олмади.
Аммо янги локация аввалги иддаолар фонида жамоатчилик учун текшириш мумкин бўлган аниқ саволни пайдо қилди.
МАРМАР ГЎШТ ВА ШАХСИЙ ОШПАЗ
Элтузар 19 июнда Тоштемировнинг Мусаев учун Жанубий Кореядан ҳар икки ҳафтада 10 килограммгача қимматбаҳо вагю — «мармар гўшт» юбориб турилгани ҳақидаги иддаосини ёритган эди.
Собиқ вакил бу гўштни Мусаевнинг шахсий ошпази тайёрлаганини, шунингдек, рўйхат бўйича лосось, ичимликлар ва бошқа маҳсулотлар ҳам олиб келинганини даъво қилган.
Бундан аввал Тоштемиров Мусаевнинг Кореядаги ваколатхона орқали қиммат атирлар, косметика ва эркаклар потенцияси учун мўлжалланган виагра препаратларни ҳам сўратганини айтган. Бу иддаолар бўйича Элтузар икки мулозим ўртасидаги ёзишмалар ва бошқа материалларни эълон қилган эди.
Тоштемиров яна Мусаев учун Кореядан махсус жиҳозланган Hyundai Palisade олиб келиш топшириғи берилгани ва машина, тюнинг ҳамда божхона харажатлари тахминан 150 минг долларга тушиши мумкинлигини иддао қилган эди.
УЙ ХИЗМАТЧИЛАРИ ҲАМ АГЕНТЛИКДАН МАОШ ОЛГАН
29 июлда Элтузар яна бир жиддий даъвони ёритди. Тоштемиров Наби Атаханов ва Баҳром Жаббаров исмли икки шахс Мусаев хонадонида хизмат қилгани, аммо Миграция агентлиги ходими сифатида расмийлаштирилиб, давлат ташкилоти ҳисобидан маош олганини айтган.
Тоштемиров тарқатган маълумотларга кўра, икки шахс 2024 йил 15 ноябрда бир кунда ишга қабул қилинган, агентликдаги кўплаб ходимлар эса уларни танимаган. Айни пайтда уларнинг Мусаев оиласи автомобилидан ишончнома асосида фойдалангани ҳам иддао қилинган.
Кейинчалик Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Миграция агентлигида амалда ишламаган икки ходимга 931,6 миллион сўм, интизомий жазоси бўлган саккиз ходимга эса 88,5 миллион сўм тўлангани бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Элтузар ушбу ҳолатни Мусаев атрофидаги аввалги «ўлик жонлар» даъволари билан бир контекстда таҳлил қилган.
ДАЧА КИМНИКИ?
Тоштемировнинг янги постидаги энг муҳим жиҳат Мусаевга қарши яна бир оғир ибора эмас, балки аниқ координата берилганидир.
Агар кўрсатилган объект давлат мулки бўлса, унинг қайси ташкилот балансида экани очиқланиши керак. Агар у хизмат дала ҳовлиси бўлса, Беҳзод Мусаевга қандай ҳуқуқий асос ва қайси лавозими доирасида берилгани тушунтирилиши лозим.
Агар хусусий мулк бўлса, унинг эгаси кимлиги ва Мусаевнинг унга қандай алоқаси борлиги кадастр маълумотлари орқали аниқланиши мумкин.
Мусаев ҳозир ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори сифатида расмий сайтда кўрсатилган.
Миграция агентлиги аввал Тоштемиров тарқатаётган маълумотларни умумий тарзда «ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган ва бир томонлама талқин қилинган» маълумотлар деб атаган ва ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширилаётганини билдирган.
Бироқ баёнотда мармар гўшт, шахсий буюртмалар ва бошқа ҳар бир эпизодга алоҳида жавоб берилмаган.
Энди эса текшириш мумкин бўлган яна бир объект пайдо бўлди — Дўрмондаги дача.
Кадастр агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки бошқа ваколатли идоралар учун савол жуда оддий:
Тоштемиров берган координатадаги объект кимга тегишли ва Беҳзод Мусаевнинг унга қандай алоқаси бор?
Бу саволга расмий ҳужжат билан жавоб берилса, Тоштемировнинг навбатдаги иддаоси ё тасдиғини топади, ёки рад этилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг