Кимдир эслар, кимдир эсламас, бундан 4 йил муқаддам бутун Ўзбекистон жамоатчилигини ларзага солган “Док-1 Макс” кейси содир бўлган вақтда айнан шу одам — Беҳзод Мусаев Соғлиқни сақлаш вазири эди.

60 нафардан зиёд болачанинг ўлимига сабаб бўлган ўша воқеада ҳам бирон бир амалдор жазога тортилмаганди. Мусаевнинг ўзи эса, аввал Бандлик вазирлигига, кейин эса Миграция агентлигига раҳбар бўлиб юраверди.

Олдинги даврда ИИВ базасида қидирувда бўлган шахслар рўйхатида турган одам қандай қилиб бундай юқори лавозимларда ишлаб юрибди, дерсиз.

Буниси бизга ҳам қоронғу. Ким билсин, балки керакли жойларга бир нечта сумкаларда “мраморний гўшт”лардан ўз вақтида чўзишни қойиллатгандир бу одам.

Ҳар ҳолда, бугунги кунда кўриб турибмизки, бу ишларни “инсоф билан” эплайдиган чаққон ва садоқатли кадрлар элита учун худди оила аъзосидек гап бўлиб қолган.

Ва нафақат улар, балки уларнинг қариндош-уруғлари, яқин дўстлари, синфдошу курсдошлари, ошна-оғайнилари, узоқ ва яқин танишлари ҳам эъзозда ҳозир. Давр шунақа.

Шундай экан, болачаларнинг ўлими ҳам ҳеч қандай таъсир қилмаган Беҳзод Мусаевнинг курсисини қанақангидир “мраморний гўшт”лар-у потенцияни уйғотувчи дори-дармонлар ҳақидаги гаплар қимирлатиши амримаҳол.

(Темур Малик фейсбук саҳифасидан олинди)