МУСАЕВ ОИЛАСИНИНГ МИЛЛИОНЛИК МУЛКЛАРИ
Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев оиласига тегишли CONSTI HOTEL ва Тошкент марказидаги қимматбаҳо кўчмас мулк атрофида янги ҳужжатлар пайдо бўлди. Миллионлаб долларлик активлар манбаи ҳақида жамоатчилик савол бермоқда.
Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев атрофидаги саволлар яна кўпайди. Бу сафар агентликнинг Жанубий Кореядаги собиқ вакили Азизбек Тоштемиров Мусаев оиласи билан боғлиқ Тошкент марказидаги меҳмонхона ва йирик кўчмас мулк ҳақида ҳужжатларни эълон қилди.
Бўш қошиқ оғиз йиртади. Тоштемиров ўз постига юридик шахс ва кадастр маълумотлари акс этган ҳужжатларни ҳам илова қилган.
Очиқ маълумотлар ҳам “CONSTI HOTEL” номли оилавий корхона ҳақиқатан мавжудлигини кўрсатмоқда. Корхона 2025 йил 12 февралда рўйхатдан ўтган. iHamkor базасида унинг ҳозирги раҳбари сифатида Мусаева Дилдора Фаридоновна кўрсатилган. Муассислар эса Каримова Мунисахон Беҳзод қизи – 50 фоиз, Мусаев Абдулбоситхон Беҳзод ўғли – 50 фоиз улуш билан қайд этилган. База корхона маълумотларининг манбаси сифатида Ўзбекистон Солиқ қўмитасини кўрсатади.
Тоштемиров Дилдора Мусаевани Беҳзод Мусаевнинг турмуш ўртоғи, Мунисахон Каримова ва Абдулбоситхон Мусаевни эса унинг фарзандларидир. Очиқ бизнес реестридаги фамилия ва отасининг исми бу маълумот билан мос келади. Элтузар мазкур қариндошлик алоқаларини мустақил расмий манбадан тасдиқлашга муваффақ бўлди.
“CONSTI HOTEL” Яккасарой туманида жойлашган ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи амалдаги корхона сифатида қайд этилган. Бошқа очиқ база ҳам корхона муассисларининг ҳар бири 50 фоиз улушга эга эканини кўрсатади.
Тоштемиров меҳмонхонанинг бозор қийматини 3–4 миллион доллар атрофида баҳоламоқда. Бу рақам бўрттирилмаганини мустақил профессионал баҳоловчи ҳам Элтузарга тасдиқлади.
Қанийди Беҳзод Мусаевнинг масаласи шу билан тугамаса.
Тоштемиров эълон қилган кадастр ҳужжати скриншотида Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчасидаги нотурар объект бўйича солиқ тўловчи сифатида Дилдора Мусаева Фаридоновна кўрсатилган. Иккинчи кадастр скриншотида айнан шу объектга тегишли маълумотларда 8 100 квадрат метр ер майдони, 229 квадрат метр қурилиш ости майдони ва 208,86 квадрат метр фойдали майдон қайд этилган. Объект 2024 йил 30 августда рўйхатдан ўтказилгани кўрсатилмоқда.
Тоштемиров ушбу объектнинг бозор баҳосини яна қарийб 1 миллион доллар деб ҳисобламоқда.
Охирги ҳафталарда халқ орасида «мармар» лақабини олган Беҳзод Мусаев оддий амалдор эмас. У ҳозир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг директори экани агентликнинг расмий сайтида ҳам кўрсатилган.
Давлат мансабида турган шахснинг яқинлари номида миллионлаб долларга баҳоланаётган активлар пайдо бўлаётган бўлса, жамоатчилик уларнинг келиб чиқиши ҳақида савол беришга ҳақли.
Бу ҳужжатлар ўз-ўзидан коррупция жинояти содир этилганини исботламайди. Аммо улар жавоб берилиши шарт бўлган саволларни илгари суради: меҳмонхона қандай маблағга қурилган ёки сотиб олинган? Йирик кўчмас мулк қайси даромад ҳисобидан олинган? Оила аъзоларининг бундай активларни шакллантириш учун қонуний даромад манбалари нима? Бу бизнеслар Беҳзод Мусаев давлатнинг юқори лавозимларида ишлаган даврда қандай ривожланган?
Тоштемиров эса яна кескинроқ савол қўймоқда. У аввал тилга олган 90 миллион долларлик иддаоларидан “камида 4–5 миллион доллари мана шу ерда эмасми?” дея савол берган.
Элтузар Беҳзод Мусаев ва Миграция агентлигига ушбу маълумотлар юзасидан изоҳ бериш имконини беришга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг