Инглизларда UNTOUCHABLE деган сўз бор. Одатда ҳеч ким чора кўра олмайдиган, кучли ҳимояга эга шахсга UNTOUCHABLE дейишади.

Ҳиндистонда эса тарихан энг паст табақа деб камситилган, жамиятдан четлатилган далитлар кастасига ҳам untouchable атамаси қўлланилган.

Беҳзод Мусаевга нисбатан бу сўзни қўллаётганимиз бекорга эмас.

Ўзбекистонда амалдорларнинг икки тури борми?

Ўзбекистонда амалдорларнинг икки тури борга ўхшайди.

Биринчи тоифа — идорасида арзимас камчилик аниқланса ҳам ҳайфсан олади, курсисини бўшатади ёки терговга тортилади.

Иккинчи тоифа эса — Беҳзод Мусаев.

Бу кишининг хизмат таржимаи ҳолини лавозимлар бўйича эмас, можаролар бўйича тузиш осонроқ. Бир можаро тугамасдан, иккинчиси эшик қоқади. Айбловлар ёғилади, ҳужжатлар пайдо бўлади, журналистлар савол беради, жамоатчилик жавоб кутади…

Аммо Беҳзод Мусаевга балоям урмайди.

Мусаев яна янги костюмда, янги мажлисда, янги лавозимда намоён бўлаверади.

Гўёки можаро унинг карьерасига тўсиқ эмас, аксинча, навбатдаги мансабга олиб чиқадиган лифтга ўхшайди.

Миграция агентлигида бир миллиард сўмлик жиноят иши

Ҳозир Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Мусаев раҳбарлик қилаётган Миграция агентлигида амалда ишламаган икки ходимга 931,6 миллион сўм, интизомий жазоси бўлган саккиз ходимга эса қонунга зид равишда 88,5 миллион сўм тўланганини маълум қилди.

Жами бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Бир миллиард сўм!

Бу бухгалтернинг калькуляторда адашиб босган битта тугмаси эмас.

Ишламаган одамни ишга қабул қилиш керак. Унга табель тўлдириш керак. Маош ҳисоблаш керак. Ҳужжатни имзолаш керак. Пулни ўтказиш керак.

Ва буларнинг барчасини раҳбар «бехабар» ҳолда кузатиб туриши керак.

Раҳбарнинг нима айби бор?

Шундан кейин биздан:

«Раҳбарнинг нима айби бор?»

деб сўрашади.

Албатта, ҳеч қандай айби йўқ!

Кема чўкса — капитаннинг айби йўқ.

Беҳзод Мусаевнинг уй хизматкорлари идорада «ўлик жонлар» бўлса — раҳбарнинг айби йўқ.

Унда Мусаев нима учун керак? Лента кесиш учунми? Ёки муаммо чиққанда барча масъулиятни бухгалтер, кадрчи ва фаррошнинг бўйнига илиш учунми?

Миграция агентлигининг расмий сайти Беҳзод Мусаевни ҳали ҳам директор сифатида кўрсатмоқда.

Яъни бир томонда — миллиард сўмлик жиноят иши, иккинчи томонда — мустаҳкам курси ва расмий қабуллар.

Мусаев атрофидаги аввалги даъволар

Элтузар Мусаев атрофидаги E-8 визаси, хусусий агентликлар манфаати, статистикани эҳтимолий сунъий ошириш ва «ўлик жонлар» ҳақидаги қатор даъволарни ёритди.

Ҳаммасидан ошиб тушгани Беҳзод Мусаевнинг Жанубий Кореядан мармар гўшт ва виагра «заказ» қилгани бўлди.

Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишни гапирмаймиз, чунки бунақа гап Ўзбекистонда фақат Меҳнат кодексида ёзилган, холос.

Аммо мармар гўшт ва виагра ҳаммасидан ошиб тушди.

«Ўзимизда иккаласи ҳам бор-ку», дейдиган мард топилмади жаноб Мусаевга айтадиган.

Мармар гўшти егунча отникини қази қилиб есанг бўлмайдими? Виагра керак бўлса, ана қўчқорнинг ташшағи бор…

Бир идорадан иккинчисига кўчадиган «свита»

Бу одам қаерга борса, орқасидан ўз свитасини олиб борди.

Соғлиқни сақлаш вазири бўлганида вазирликни солиқчилар босганди. Беҳзод Мусаев олдин солиқбоши бўлганда…

Ўнлаб болани заҳарлаб ўлдиришди…

Шунда ҳам Мусаев кўзини қўйга ўхшаб лўқ қилиб, кечирим сўради-ю, сувдан қуруқ чиқди. Кўп ўтмай бошқа идорага вазир бўлди.

Миграция агентлигининг боши нега ғавғодан чиқмайди?

Мусаев Миграция агентлигига раҳбар бўлганидан буён бу идоранинг боши ғавғодан чиқмайди.

Ўнлаб ходимлар асоссиз ишдан бўшатилгани, уларнинг миллиардлаб пуллари тўланмагани ҳақида даъволар билдирилди.

Аммо бу Мусаевга жинам урмайди.

Ўзбекистонлик машҳур сухандон яқинда:

«Мусаевга ҳеч нарса бўлмайди»,

дея башорат қилди.

Беҳзод Мусаев ростдан ҳам дахлсизми?

Хўш, Мусаев шунчалик кучли раҳбарми ёки бетондан ҳам кучли ҳимояга эгами?

Чунки оддий амалдорнинг карьерасини битта можаро тугатади.

Мусаевнинг карьераси эса, назаримизда, можаролар билан озиқланади.

Is he untouchable?

Мусаев ростдан ҳам untouchable.

Фақат британча untouchableми ёки ҳиндча?

Бу саволга жавобни прокуратура органлари терговидан кейин билиб оламиз.