БЕҲЗОД МУСАЕВ МИГРАЦИЯ АГЕНТЛИГИНИ ШАХСИЙ ТОМОРҚАСИГА АЙЛАНТИРДИ
Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев уй хизматчиларини агентлик ходими сифатида расмийлаштириб, уларга «ўлик жон» тариқасида маош тўлатгани ҳақида янги даъволар пайдо бўлди. Муаллиф прокуратура ва назорат идораларини тезкор текширувга чақирмоқда.
Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азизбек Тоштемиров агентлик директори Беҳзод Мусаевга қарши яна иккита оғир айблов эълон қилди. Унинг 24 ва 28 июлдаги постларида Мусаевнинг уйида ишлагани айтилган икки шахс – Наби Атаханов ва Баҳром Жаббаров амалда агентликда ишламай туриб, агентлик ҳисобидан 46 миллион сўмгача маош олгани даъво қилинмоқда.
Тоштемировнинг ёзишича, икки шахс 2024 йил 15 ноябрда 23-SHT-сонли буйруқ билан бир кунда ишга қабул қилинган. Унга кўра, агентлик ходимлари бу икки шахсни танишмайди. Азизбек Тоштемировнинг даъво қилишича, улар Беҳзод Мусаев оиласига тегишли автомобилни ишончнома асосида бошқаради.
Яна бир жиддий иддаога кўра, маълумотлар ошкор бўлишидан 11 кун олдин – 2026 йил 13 июлда Жаббаров ишдан бўшатилган. Тоштемиров Тошкент шаҳар филиали ходимларига бу шахслар филиалда ишлаганини айтиш буюрилгани ва айримларга босим ўтказилаётганини ҳам даъво қилган.
Бу Беҳзод Мусаев атрофидаги биринчи можаро эмас. Элтузар аввалроқ Тоштемировнинг Мусаев ўз куёви манфаати учун «NAIMIX» хусусий агентлигига E-8 визаси орқали ишчи юбориш жараёнини бергани, сохта ҳужжат тайёрлатгани ва давлатлараро дастурни битта компания манфаатига мослаштиргани ҳақидаги даъволарини ёритган.
“Мазкур даъволар бўйича Беҳзод Мусаев миқ этгани йўқ. Дамини ичига ютиб, эшикка мўлтираб ўтирибди,” деди Миграция агентлиги ходими Элтузар билан суҳбатда.
Шунингдек, агентлик 2024 йилда Кореяга 10 120 киши ишга жойлаштирилганини билдиргани, Корея статистикасида эса E-9 визаси билан кирганлар 3 079 нафар экани кўрсатилгани ҳақидаги саволлар ҳам очиқ қолмоқда.
Азиз Тоштемиров бунга қадар Беҳзод Мусаевнинг унга Кореядан мармар гўшти юборишни талаб қилгани, виагра билан таъминлаб туришни эслатгани ва хизмат ресурсларидан фойдаланиш бўйича ҳам тошпириқлар берганини иддаолар қилган.
Миграция агентлиги аввал бу айбловларни умумий тарзда «асоссиз» деб атаган, аммо эълон қилинган ҳар бир ҳужжат, аудио ва эпизодга алоҳида жавоб бермаган.
Бу сукут аслида Мусаевнинг энг катта сиёсий ва ахлоқий муаммоси. Давлат идораси раҳбари ўз хонадон хизматчиларини ташкилотнинг маош тизимига «илиб қўйган» бўлса, бу – давлат ташкилотини шахсий ҳамёнга айлантиришдан бошқа ҳеч нарса эмас.
Агар «ўлик жонлар»га иш ҳақи тўлангани тасдиқланса, ҳаракатлар Жиноят кодексининг 167-моддаси – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 205-моддаси – мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда 209-моддаси – мансаб сохтакорлиги аломатлари бўйича баҳоланиши зарур. Якуний ҳуқуқий малакани тергов ва суд белгилайди албатта. Аммо, Элтузар тегишли ташкилотларга қонуннинг бу жиҳатларини эслатиб қўяпти холос.
Ходимларга босим ўтказилгани ҳақидаги даъво ҳам алоҳида текширилиши шарт.
Албатта, Тоштемировнинг ўзи ҳам фирибгарлик айблови билан қидирувга берилган, кейин унинг маълумотлари Интерполнинг очиқ базасидан олиб ташланди. Бу Тоштемировни автоматик равишда оқламайди, аммо у келтирган ҳужжатларни текширмаслик учун баҳона ҳам бўлолмайди.
Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишга қабул қилиш буйруқлари, табеллар, маош ведомостлари, банк ўтказмалари ва иш жойига кириш қайдларини зудлик билан текшириши керак.
Холис текширув учун Беҳзод Мусаев вақтинча лавозимидан четлаштирилиши лозим. Энди умумий раддия эмас, ҳар бир исм, ҳар бир сўм ва ҳар бир буйруқ бўйича ҳужжатли жавоб керак.
Элтузар Беҳзод Мусаев ва Миграция агентлигининг муносабатини тўлиқ эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг