БЕҲЗОД МУСАЕВ ПРЕЗИДЕНТГА «ЁЛҒОН ҲИСОБОТ» БЕРГАН
Азизбек Тоштемиров Кореяга хизмат сафари бўйича Бандлик вазирлиги делегацияси тайёрлаган ҳисоботда Е-8 ва Е-7 визалари, EPS-TOPIK талаби ва 17 минг иш ўрни ҳақида Президентга натижа сифатида кўрсатилган бир қатор бандлар аслида келишув эмас, муҳокама даражасида қолганини даъво қилмоқда.
Кореядаги меҳнат миграцияси масалалари бўйича Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаевни мунтазам танқид қилиб келаётган Азизбек Тоштемиров навбатдаги кескин баёнотини эълон қилди.
У бу сафар 2024 йил май ойида Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги делегациясининг Корея Республикасига ташрифидан кейин Президентга тақдим этилгани айтилган ҳисобот нусхаларини эълон қилиб, ундаги камида тўртта муҳим натижа ҳақиқатда эришилган келишув сифатида кўрсатилганини шубҳа остига олмоқда.
Тоштемировнинг асосий даъвоси шундан иборатки, Кореядаги музокараларда таклиф ёки синов босқичида қолган масалалар Президентга тайёр натижа ва ҳал қилинган келишув сифатида тақдим этилган.
У ўз баёнотида ўша учрашувларда шахсан қатнашгани ва Мусаевнинг ёнида ўтирганини таъкидлаб, айтганларини «100 фоиз кафолатлашини» билдирди.
Элтузар Тоштемиров эълон қилган ҳисобот парчаларида баҳсга сабаб бўлган рақам ва жумлалар ҳақиқатан ҳам мавжудлигини аниқлади.
Е-8 визаси «очилдими» ёки синов тариқасида қайта тикландими?
Тоштемиров эълон қилган материалда Корея Республикаси Адлия вазири билан музокаралар натижасида Ўзбекистон фуқаролари учун мавсумий ишлашга мўлжалланган Е-8 визасини бериш қайта тикланиши келишилгани кўрсатилган.
Тоштемиров эса Корея томони Ўзбекистон учун Е-8 тизимини тўлиқ очишга рози бўлмагани, фақат дастлаб 1–2 та маҳаллий ҳокимлик билан тажриба-синов тартибида ишлаш имконияти муҳокама қилинганини иддао қилмоқда.
Унинг айтишича, Корея томони фуқаролар ноқонуний равишда иш жойини тарк этмаса ва меҳнат қонунчилигини бузмаса, кейинчалик ҳамкорликни кенгайтириш масаласини кўриб чиқишга тайёр бўлган.
Тоштемиров шунингдек кейинчалик Е-8 йўналишининг яна тўхтаб қолишини ҳам Мусаев бошқарувидаги қарорлар билан боғлаб келади. Илгариги постларида у ушбу тизимнинг хусусий тузилмалар, жумладан NAIMIX билан боғлиқ жараёнлари ҳақида ҳам қатор айбловларни илгари сурган эди.
Е-7 визаси учун Ўзбекистон колледжлари дипломлари тан олинганми?
Ҳисоботнинг яна бир қисмида Ўзбекистондаги профессионал коллежлар дипломларини Кореяда Е-7 визасини олиш учун тан олиш бўйича келишувга эришилгани ёзилган.
Ҳужжатда бу электрчи, пайвандчи ва бўёқчи каби мутахассисларга Hyundai, Samsung ва Daewoo сингари йирик корхоналарда малакали ишчи сифатида ишлаш ҳамда ойлик даромадни 2 минг доллардан 4 минг долларгача ошириш имконини бериши қайд этилган.
Тоштемиров эса ўша вақтда бу масала фақат таклиф сифатида муҳокама қилинган, Корея томони Ўзбекистон колледжлари дипломларини расман тан олишга ҳали розилик бермаганини айтмоқда.
Унинг иддаосига кўра, Президент учун ҳисобот тайёрланаётганида у Мусаевни бу ҳақда шахсан огоҳлантирган.
«Масала муҳокама қилинди» билан «келишувга эришилди» деган иборалар ўртасида принципиал фарқ бор, дея таъкидлайди Тоштемиров.
EPS-TOPIK: 80 баллдан 40 баллга тушириш ҳақидаги келишув қаерда?
Тоштемиров энг жиддий зиддиятлардан бири сифатида корейс тили бўйича EPS-TOPIK имтиҳонини кўрсатмоқда.
Эълон қилинган ҳисоботда «Томонлар тестдан ўтиш балини амалдаги 80 тадан 40 та тўғри жавобгача пасайтириш бўйича келишиб олди», деган мазмундаги маълумот келтирилган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғонада яна учта имтиҳон маркази ташкил этиш, планшетлар сонини 500 тага етказиш ва кунлик тест топширувчилар сонини 250 нафардан 1,2 минг нафаргача ошириш режаси кўрсатилган.
Тоштемировнинг айтишича, 40 балл бўйича ҳеч қандай келишув бўлмаган.
У 2026 йилги имтиҳонларда ўтиш кўрсаткичи 60 балл қилиб белгиланганини мисол қилиб, агар Корея томони ҳақиқатан 40 баллга рози бўлган бўлса, нима учун бу келишув амалга ошмаганини сўрамоқда.
«Агар 40 баллга тушириш бўйича келишув мавжуд бўлган бўлса, уни тасдиқловчи расмий ҳужжат ҳам бўлиши керак», дея ёзди у.
17 минг иш ўрни ҳақидаги рақам
2024 йилги ҳисоботда яна бир катта рақам – 17 мингта вакансия келтирилган.
Унда Е-7 визаси очилганидан кейин дастлабки босқичда автомобилсозлик учун 3 минг, қишлоқ хўжалиги учун 2 минг, саноат учун 3 минг ва бошқа соҳаларда минглаб иш ўринлари аниқлангани кўрсатилади.
Тоштемиров эса орадан икки йил ўтганига қарамай, айнан шу 17 мингта иш ўрни асосида фуқароларни оммавий равишда Кореяга юбориш амалга ошмаганини таъкидламоқда.
Унинг версиясига кўра, Кореядаги иш берувчилар ишчиларга эҳтиёж борлигини билдирган, аммо Е-7 визаси тартибини енгиллаштириш учун аввал ҳукуматлараро масалалар ҳал қилиниши зарурлигини айтган.
Тоштемиров бундай дастлабки қизиқиш кейинчалик Тошкентда тайёрланган ҳисоботда «17 мингта иш ўрни топилди» деган тайёр натижага айлантирилганини иддао қилмоқда.
Бу Мусаев атрофидаги биринчи можаро эмас
Азизбек Тоштемиров сўнгги ойларда Беҳзод Мусаев ва меҳнат миграцияси тизими ҳақида кетма-кет танқидий баёнотлар бериб келмоқда.
У аввалроқ Кореяга ишга юбориш статистикасини бўрттириш, Е-8 тизимининг хусусий агентликларга тақсимланиши, NAIMIX билан боғлиқ жараёнлар, айрим имтиҳонларга аралашув ҳамда Мусаевнинг хизмат давридаги харажатлар ва харидлар юзасидан ҳам турли айбловларни билдирган.
Миграция агентлиги эса аввалги баёнотлар муносабати билан Тоштемировнинг айрим иддаоларини асоссиз ва бир томонлама деб атаган ва текширувлар олиб борилаётганини маълум қилган.
Айни пайтда прокуратура органлари томонидан агентлик тизимида ишламаган икки ходимга 931,6 миллион сўм ҳамда интизомий жазоси бўлган саккиз ходимга 88,5 миллион сўм тўловлар амалга оширилгани бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида расмий ахборот берилган
Асосий савол — ҳисоботдаги натижаларни ҳужжатлар тасдиқлайдими?
Тоштемировнинг янги постидан кейин баҳс энди шахсий айбловлардан кўра аниқ ҳужжатларга бориб тақалмоқда.
Агар Корея билан:
— EPS-TOPIK ўтиш балини 40 га тушириш;
— Ўзбекистон коллежлари дипломларини Е-7 визаси учун тан олиш;
— 17 минг иш ўрни ажратиш;
— Е-8 дастурини Ўзбекистон учун қайта очиш
бўйича ҳақиқатан расмий келишувлар тузилган бўлса, уларни меморандум, протокол, расмий хат ёки Корея томонининг бошқа ҳужжати билан тасдиқлаш мумкин бўлиши керак.
Агар бу бандлар аслида музокара, таклиф ёки кейинчалик амалга оширилиши кўзда тутилган режалар бўлган бўлса, уларнинг Президентга «келишувга эришилди» деган мазмунда тақдим этилган-этилмагани жиддий саволга айланади.
Тоштемиров ҳам айнан шу нуқтада расмий жавоб талаб қилмоқда: «Президентга ҳисобот беришнинг мақсади раҳбарга яхши кўриниш эмас — ҳақиқий вазиятни етказишдир. Безак эмас — ҳақиқат. Рақам эмас — натижа. Ваъда эмас — ҳужжат».”
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг