Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев атрофидаги можаро янги босқичга чиқди. Интерпол орқали халқаро қидирувда бўлган агентликнинг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров ижтимоий тармоқларда Мусаевга нисбатан навбатдаги оғир иддаоларни илгари сурди.

Унинг янги баёнотларида энди фақат Кореяга ишчи юбориш билан боғлиқ 90 миллион долларлик схема ёки хусусий бандлик агентликлари ҳақида эмас, балки давлат мансабдорининг шахсий талаблари, қимматбаҳо маҳсулотлар, четдан юборилган совға-саломлар, ҳатто давлат маблағи ҳисобидан қиммат автомобиль олиб беришга уриниш ҳақида ҳам гап бормоқда.

Бу иддаолар ҳозирча расмий манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Аммо уларнинг оғирлиги, жамоатчиликда туғдираётган саволлари ва Баҳодир Мусаевнинг давлат тизимида эгаллаб турган лавозими инобатга олинса, энди сукут сақлашнинг ўзи ҳам алоҳида сиёсий ва ахлоқий саволга айланмоқда.

Мусаев атрофидаги саволлар янада оғирлашди. Собиқ ходимнинг янги баёнотида айтилган гаплар мақоладаги асосий даъволарни тушуниш учун муҳим.

“МРАМОР ГЎШТ”, ҚИММАТБАҲО БАЛИҚ ВА СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР

Азизбек Тоштемировнинг 18 июндаги баёнотига кўра, Беҳзод Мусаев оддий гўшт эмас, Кореядан келтирилган ва шахсий ошпази тайёрлайдиган “мрамор гўшт” истеъмол қилган. Тоштемиров иддаосича, Мусаев учун ҳар икки ҳафтада 10 килограммдан қимматбаҳо вагю гўшти юбориб туриш талаб қилинган.

Собиқ ходим бу маҳсулотлар Premium дўконлардан сотиб олингани, баъзан у бундай харажатларни якка ўзи кўтара олмагани ва бошқа ходимлар билан пул йиғишга мажбур бўлганини ёзади.

Унинг сўзларига кўра, гап фақат гўшт ҳақида эмас. Мусаев учун қимматбаҳо лосось балиқлар, спиртли ичимликлар ва бошқа маҳсулотлар ҳам рўйхат асосида етказилган. Маҳсулотлар тугаганда эса уларни яна тўлдириб олиб келиш буюрилгани иддао қилинмоқда.

Агар бу маълумотлар ҳақиқат бўлса, бу қўл остидаги ходимларни мансаб босими остида шахсий хизматкорга айлантириш, давлат хизмати маданиятини таҳқирлаш ва мансаб ваколатидан фойдаланиш аломатларини кўрсатиши мумкин.

“HYUNDAI PALISADE” ВА 150 МИНГ ДОЛЛАРЛИК САВОЛ

Тоштемировнинг энг оғир иддаоларидан бири Кореядан махсус тюнинг қилинган Hyundai Palisade автомобилини юбориш талаби билан боғлиқ.

Унинг ёзишича, Мусаев машинада ўтирганда бели оғришини айтиб, Кореядан ётиб кетишга мўлжалланган махсус диванга эга Hyundai Palisade машинасини юборишни буюрган. Тоштемиров машина топилгани, аммо тўлов масаласида Мусаев “ўзинг амалла” деганини иддао қилмоқда.

Собиқ ходимнинг ҳисоб-китобига кўра, янги Hyundai Palisade сотиб олиш, уни Кореяда тюнинг қилиш, махсус диван ўрнатиш ва божхона харажатлари билан умумий сумма тахминан 150 минг долларга борган.

Тоштемировнинг энг жиддий даъвоси шундан иборатки, у бундай пул йўқлигини айтганида, Мусаев унга ваколатхона учун маблағ сўраб расмий хат ёзишни буюрган. Собиқ ходимнинг иддаосига кўра, Мусаев “бюджетда 150 минг доллар бор, сенга юбораман, ечиб олиб, машинани менга юборасан” деган мазмунда топшириқ берган.

ПРЕЗИДЕНТ АДМИНИСТРАЦИЯСИГА АРЗ ҚИЛИНГАНМИ?

Тоштемиров бу ҳолатлардан кейин Президент Администрациясига доклад қилишга мажбур бўлганини айтади. Унинг ёзишича, у “Мусаев билан ишлай олмаслиги”, “халқ пулини ўмаришдан тўхтамаяпти” деган мазмунда шикоят қилган.

Собиқ ходим ушбу гапларини Президент Администрацияси ходими тасдиқлаши мумкинлигини, ходимнинг исмини эса расмий идораларга очиқлашга тайёрлигини билдирган.

Азизбек Тоштемировнинг айтишича, у Мусаев устидан шикоят қилганидан кейин раҳбарнинг унга муносабати ўзгарган. Унинг иддаосича, кейинроқ мажлис ташкил қилиниб, “Азиз коррупционер”, “Азиз ишёқмас”, “Азизнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди” деган мазмунда айбловлар айтилган ва барча жавобгарлик унга юкланган.

Тоштемиров бу вазиятдан кейин ўз хоҳишига кўра ариза ёзишга мажбур бўлганини, амалда эса “мажбуран ишдан олингани”ни айтмоқда.

Бу баёнотлар Кореяга ишчи юбориш билан боғлиқ йирик коррупция ишида яна бир муҳим саволни ўртага ташлайди: агар тизимда йирик схема бўлган бўлса, нима учун асосий қарор қабул қилувчилар эмас, кўпроқ қуйи ва ўрта бўғин ходимлари жавобгарлик марказига чиқмоқда?

МУСАЕВ НЕГА ЖАВОБ БЕРМАЯПТИ?

Беҳзод Мусаев Ўзбекистон давлат тизимида тасодифий шахс эмас. У аввал Солиқ қўмитаси раиси, Соғлиқни сақлаш вазири, Бандлик вазири лавозимларида ишлаган. 2023 йилда 63 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ “Док-Макс-1” иши ортидан Соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан кетган. Кейин эса Миграция агентлиги раҳбари этиб тайинланган.

Бугун эса айнан шу агентлик атрофида Кореяга ишчи юбориш, хусусий бандлик агентликлари, катта пуллар, қўл остидаги ходимларга босим, шахсий буюртмалар ва давлат маблағларидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақида оғир иддаолар янграмоқда.

Бу ҳолатда Мусаевнинг сукути жамоатчиликни қониқтирмайди. Чунки гап оддий шахсий можаро ҳақида эмас. Гап давлат идораси раҳбари, юзлаб-минлаб мигрантлар тақдири, фуқаролардан йиғилган пуллар, давлат бюджети ва мансаб ваколати ҳақида кетмоқда.

ТЕРГОВ ИДОРАЛАРИ ҲАМ ЖАВОБ БЕРИШИ КЕРАК

Бу иш фақат Мусаевнинг шахсий обрўси масаласи эмас. Бу давлат идораларининг ҳисобдорлиги, коррупцияга қарши курашнинг ҳақиқий ёки саҳнавий экани, юқори лавозимли амалдорларга нисбатан қонун бир хил ишлайдими-йўқми, деган саволларнинг марказида турибди.

Агар Азизбек Тоштемировнинг иддаолари ёлғон бўлса, Мусаев ва тегишли идоралар буни далиллар билан рад этиши керак. Агар бу иддаоларда ҳақиқат улуши бўлса, унда фақат собиқ ходимлар эмас, қарор берган, босим ўтказган, манфаат кўрган барча шахслар тергов доирасига олиниши шарт.

Жамоатчилик “сувдан қуруқ чиқиш” сценарийларидан чарчаган. Қонун фақат пастки бўғин ходимлари учун эмас, юқори лавозимли амалдорлар учун ҳам ишлаши керак.

Элтузар Беҳзод Мусаев, Миграция агентлиги, Бош прокуратура ва бошқа масъул идоралардан ушбу иддаолар юзасидан очиқ, аниқ ва расмий муносабат кутади. Уларнинг жавобини тўлиқ эълон қилишга тайёрмиз.