2026 йилга қадар Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг банк хизматларидан фойдаланиш давомида юзага келадиган муаммолари юзасидан қаерга мурожаат қилиш, банкларнинг ўзига тўғридан-тўғри мурожаат қилинган ҳолларда масаласи ечилмаётганлиги, бундай камчиликларга йўл қўйган банк ёки унинг ходимларига нисбатан лозим даражада жазо ёки таъсир чоралари кўрилмаётгани ҳақида мурожаатлар кўп бўлган.

Маълумки, истеъмолчиларнинг банк хизматларидан фойдаланиш давомида юзага келадиган муаммолари пул билан боғлиқ кенг доирадаги молиявий-ҳуқуқий масалалар бўлиб, уларни ечими қийин бўлган масалалар тоифасига киритиш мумкин. Чунки, сиз шартнома тузгансиз, ўз масалангизни ўзингизнинг фойдангизга ҳал қилиш давомида жуда кучли тайёргарликка эга бўлган ҳуқуқий хизмат ходимлари билан тортишишингизга тўғри келади.

Аввалроқ, Марказий банк томонидан банк хизматларидан фойдаланишда истеъмолчиларга банк хизматлари бўйича регуляторга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш каналлари яратилиши маълум қилинган эди.

Марказий банк тижорат банклари ва мижозларни бир майдонда боғлашга мўлжалланган “Bankda nima gap” лойиҳасини тест режимида ишга туширганлигини эълон қилди. Лойиҳа орқали банк хизматларида учраётган муаммо ва ноқулайликлар ҳақида хабар бериш мумкин.

Масалан, карта блокланиши, мобил иловадаги узилишлар, тўлов ўтмай қолиши, таъмагирлик ва коррупция ҳолатлари ёки бошқа тушунарсиз ҳолатлар бўйича мурожаатлар йўллаш мумкин. Бунинг учун вазиятни қисқача ёзиб, зарур бўлса расм ёки скриншот билан @tajriba_lab_bot орқали юбориш кифоя.

Кўп такрорланаётган ва кўпчиликка дахлдор масалалар @bankdanimagap каналида эълон қилиниб, тегишли банкдан расмий изоҳ олинади. Кейин эса муаммо қандай ҳал этилгани ҳам кўрсатиб борилади.

Буни банк хизматлари истеъмолчилари учун “тез ёрдам” хизмати деб атаса, бўлади. Бундай “тез ёрдам” платформаси керак эди, бу ҳаракатингизни қутлаймиз. Хоҳиш бўлса, қилса бўлади.

Бундан олдин Марказий банк томонидан фуқаролар ва банк хизматлари истеъмолчилари учун 1800 қисқа рақамли Алоқа маркази ишга туширилганлигини эълон қилган эди.

1800 қисқа рақами орқали Марказий банкнинг Алоқа марказига банк ва молиявий хизматларга оид саволлар, таклифлар ёки мурожаатлар билан мурожаат қилиш мумкин. Алоқа маркази мутахассислари мурожаатчиларга зарур маълумотларни тақдим этади, шунингдек, келиб тушган мурожаатларни қабул қилиб, белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун расмийлаштиради.

Энди истеъмолчилар банк хизматларидан фойдаланиш давомида юзага келадиган муаммолари юзасидан бу соҳанинг регулятори бўлган Марказий банкка тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари, Марказий банкнинг мутахассисларидан юқори малакали ёрдам олишлари мумкин бўлади.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров