ЎЗБЕКИСТОНДА БАНК КАРТАЛАРИДАН НОМАЪЛУМ ТАРЗДА ПУЛ ЕЧИБ ОЛИНМОҚДА
Ҳуқуқ фаоли Жавоҳир Мўминов айрим фуқаролар банк карталаридан номаълум тарзда пул ечилаётгани, REGRESS EXECUTTOR MCHJ орқали амалга оширилаётган операцияларнинг ҳуқуқий асоси ва шаффофлиги юзасидан Марказий банкдан жавоб талаб қилаяпти.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Жавоҳир Мўминов Ўзбекистонда банк карталари ва банк тизими хавфсизлиги юзасидан жиддий саволлар билан чиқди. Унинг айтишича, айрим фуқаролар банк карталаридан пул ечилган ҳолатларда маблағ ким томонидан ва қандай асосда ечилганини аниқлай олмаяпти.
Мўминов, хусусан, REGRESS EXECUTTOR MCHJ номли ташкилот фаолиятига эътибор қаратган. У ушбу ташкилот кимга тегишли экани, унга фуқароларнинг банк карталаридан тўғридан-тўғри маблағ ечиш ваколатини ким бергани ва бу жараён қандай ҳуқуқий асосда амалга оширилаётганини Марказий банк раҳбариятидан очиқ тушунтиришни сўрамоқда.
“Фуқаронинг картасидан пул ечилса, на ишонч рақами бор, на аниқ изоҳ бор, на масъул шахс маълум, на операция изини топиш мумкин. Одамлар ўз маблағини ким ечаётганини билмай қоляпти”, дейди Жавоҳир Мўминов.
Унинг фикрича, банк тизими биринчи навбатда фуқароларнинг маблағини ҳимоя қилиши керак. Агар картадан ҳар қандай сумма ечилса, операция учун қонуний асос, расмий огоҳлантириш ва жавобгар ташкилот ҳақида очиқ маълумот берилиши шарт.
Мўминов Марказий банкдан ушбу ҳолатга муносабат билдиришни, REGRESS EXECUTTOR MCHJ фаолияти бўйича тушунтириш беришни ҳамда фуқароларнинг банк карталаридан маблағ ечилишида шаффофликни таъминлашни талаб қилмоқда.
Унинг таъкидлашича, акс ҳолда бундай ҳолатлар молиявий хавфсизликка эмас, балки фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончи сусайишига хизмат қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг