БАКАЛАВР ДИПЛОМИ ҚИММАТ АКСЕССУАРМИ?
Мақола ота-оналар ва ёшлар орасида авж олаётган “албатта университетга кириш” тамойилини танқидий кўриб чиқади, дипломни асосий мақсадга айлантириш нечоғли тўғри экани ва меҳнат бозоридаги оқибатларини ёритади.
Жамиятимизда бир қараш тобора кучайиб бормоқда: гўё ҳар бир ёш албатта олий маълумотли бўлиши керак. Бу фикр шунчалик оммалашдики, ота-оналар фарзандининг қизиқиши, иқтидори ёки келажак режалари қандай бўлишидан қатъи назар, уни университетга киритишни асосий мақсадга айлантириб олган. Бир пайтнинг ўзида 10-15 университетга кириш – обрўнинг энг баланд чўққиси.
Ёшлар ўзлари севмаган, умуман қизиқмаган йўналишларга ҳужжат топширади. Яхши ошпаз бўладиган йигит муҳандислик факультетига киради. Қизлар педагог бўлишни истамаса ҳам ўқитувчилик йўналишида таҳсил олади. Асосий мақсад диплом олиш бўлиб қолди. Диплом қиммат аксессуар гўё.
Бундай талабаларнинг аксарияти дарсларда шунчаки соядек ўтирад, имтиҳондан ўтиш учун ҳаракат қилади, холос. Университетни битирганда эса қўлида дипломи бўлган кадрнинг мутахассислик бўйича етарли билим ва кўникмаси шаклланмаган.
Бу ҳолат меҳнат бозорида ҳам ўз аксини топмоқда. Тўрт йил ёки олти йил давомида маълум бир соҳада ўқиган ёш кейинчалик бутунлай бошқа иш билан шуғулланишади. Айрим битирувчилар савдо соҳасига ўтади, бошқалари хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайди, яна бир қисми такси ҳайдовчилиги орқали тирикчилик қилишга мажбур.
Албатта, такси ҳайдовчиси бўлиш, савдогар ё ҳунарманд бўлиш уят эмас. Масала шундаки, давлат, оила ва ёшнинг ўзи бир неча йил сарфлаган таълим натижаси амалда қўлланилмай қолмоқда.
Ривожланган давлатлар тажрибасида ҳар бир инсон албатта университетда ўқиши шарт деган қараш мавжуд эмас. Касб-ҳунар таълими, техникум, коллежлар, амалий мутахассисликлар жамият учун камида олий таълим каби муҳим ҳисобланади. Чунки иқтисодиётга фақат дипломли эмас, ҳақиқий малакага эга кадрлар керак.
“Фарзандим албатта университетга кириши шарт” деган тушунчадан кўра, “фарзандим қайси соҳада ўзини топа олади?” деган саволни бериш вақти келгандир.
Чунки қизиқиш ва ички иштиёқ билан танланган касб яхши мутахассисни тарбиялайди. Мана яқинда барча университетларни бир сурув талаба битиради. Дипломларингиз сондиқда чанг босиб ётмасин, ука-сингиллар.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг