Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 март ҳолатига Бирлашган Араб Амирликлари капитали иштирокидаги корхоналар сони Ўзбекистонда 421 тага етган. Уларнинг 143 таси қўшма, 278 таси эса тўлиқ хорижий корхоналар ҳисобланади.

Бу статистика мамлакат иқтисодиётида хорижий инвестициялар салмоғи ортиб бораётганини яққол кўрсатади. Бироқ бу қай даражада Ўзбекистон учун манфаатли?

Соҳалар кесимида қаралганда, энг катта улуш саноат (132 та) ва савдо (106 та) тармоқларига тўғри келади. Шунингдек, ахборот ва алоқа, қурилиш, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам БАА сармояси фаол иштирок этмоқда. Бу эса инвестициялар фақат бир соҳада эмас, балки иқтисодиётнинг турли йўналишларига кириб бораётганини англатади.

Бундай ҳамкорлик, аввало, иқтисодий ўсиш учун муҳим омилдир. Хорижий сармоя янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, инфратузилмани ривожлантириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш имконини беради. Айниқса, замонавий технология ва бошқарув тажрибасининг кириб келиши маҳаллий мутахассислар малакасини оширишга хизмат қилиб, барқарор ривожланишга замин бўлади.

Бироқ бу жараён фақат ижобий жиҳатлардан иборат эмас, албатта. Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Хорижий капитал улушининг ортиши иқтисодий боғлиқлик хавфини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Шу билан бирга, йирик компаниялар томонидан олинган фойданинг маълум қисми мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб кетилиши эҳтимоли юқори бўлади. Бу эса миллий иқтисодиётда қоладиган ресурсларга таъсир кўрсатади.

Яна бир муҳим жиҳат рақобат муҳитидир. Хорижий сармоя иштирокидаги компаниялар кўпинча катта молиявий ва технологик имкониятларга эга бўлади. Бу эса маҳаллий тадбиркорлар учун рақобатни кучайтиради. Айрим ҳолатларда, маҳаллий бизнес субъектлари бу рақобатга мослаша олмайди.

БАА капитали иштирокидаги корхоналар сонининг ортиши Ўзбекистон иқтисодиёти учун катта имкониятлар эшигини очиши бор гап. Бироқ ушбу жараёндан максимал фойда олиш учун мувозанатли сиёсат юритиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлаш зарур. Хорижий инвестицион лойиҳалар ниқоби остида маҳаллий тадбиркорлар манфаатини ҳам унутмаслик керак. Бу эса ташқи алоқа мувозанатини сақлайди, маҳаллий тадбиркорлар барқарор ўсишига замин яратади.