Сўнгги 4-5 кундан буён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига қарашли “Авторақам” мобил иловаси фаолиятида жиддий муаммолар кузатилмоқда. Давлат рақам белгиларини сотиб олиш ва транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун мўлжалланган электрон хизмат деярли тўлиқ ишламаётгани фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Фойдаланувчиларнинг билдиришича, илова орқали рақам танлаш, тўлов амалга ошириш ва ариза юбориш каби функциялар ишдан чиққан. Айрим ҳолатларда тизим тўловларни қабул қилмаётган бўлса, бошқа вазиятларда жараён ярим йўлда тўхтаб қолмоқда. Натижада фуқаролар вақт ва маблағ сарфлаб, яна ЙҲХХ бўлимларига боришга мажбур бўлаётганини айтмоқда.

Айниқса, масъул ташкилот томонидан мазкур ҳолат бўйича расмий изоҳ берилмаётгани танқидларга сабаб бўлмоқда. Фуқаролар “рақамли давлат”, “электрон хизмат” ва “қулайлик” каби тушунчалар амалда ҳам ишлаши кераклигини таъкидламоқда.

Ҳозирда айрим ҳайдовчилар сотиб олган давлат рақамларини расмийлаштира олмаётгани, баъзилари эса тўлов ўтмагани сабабли жараённи қайта бошлашга мажбур бўлганини билдирган. Бу эса вақт, асаб ва ортиқча харажатларга олиб келмоқда.

Мутахассислар фикрича, агар тизимда техник профилактика ёки сервер билан боғлиқ муаммо юзага келган бўлса, бу ҳақда аҳоли ўз вақтида расман огоҳлантирилиши лозим. Чунки давлат хизматларидаги ҳар қандай узилиш минглаб инсонларнинг кундалик режаларига таъсир кўрсатади.

Хўб, “Авторақам” тизими қачон тўлиқ ишлайди? Хизматдан фойдалана олмаган фуқароларнинг муаммосини ким ҳал қилади? Ва нега рақамли давлат хизматлари узлуксиз ишлаши устидан етарли назорат ўрнатилмаган?