Ижтимоий тармоқларда айнан аёлларни танқид нишонига олиб,  фақат аёлларга панд-насиҳат қиладиган покдомон, морализатор мизогинлар учун бирор махсус маъмурий статъя чиқариш шарт бўлиб қолди.

Манови сўтақўзи ақлватор ҳам турмуш ўртоғи билан хорижда дам олаётган аёлнинг видеосини кўтаролмади. Диний қарашларни асос қилиб, одамларнинг оилавий муносабатларига аралашиш учун кишида қанча бўш вақт бўлиши керак?

Ҳайп учун насиҳат ниқобини кийганлар кўпаймоқда. Бу сафар ҳам нишонда — аёл киши ва унинг шахсий ҳаёти.

Бу сўтақўзининг мақсади жамиятни тарбиялаш деб ўзимизни алдамайлик. Унинг муддаоси ҳайп кўтариш, изоҳ ва лайк тўплаш эканини ақлли зумерлар жуда яхши билади. Тақводор имидж кўпроқ олқиш олишини, 10 минут кам авлиё образи максималист ёшларга ҳам, консерватив катталарга ҳам зап маъқул келишини бу блогер жуда яхши тушунади. 

Бировнинг хотини қандай кийингани, қаерга боргани ёки қандай дам олаётгани – унинг оиласига тегишли масала. Бунинг учун эрни “рашксиз” ёки бошқа ҳақоратли сўзлар билан аташ қонунга зид.

Мана шундай қонунбузар динфуруш ҳайпчи блогерларга Элтузардан бир ўгит. Оддий конституцияга амал қилишни эплолмаяпсиз, илоҳий китоблар, фатво ва ҳукмлар чиқаришга ақлингиз етмайди. Судда кечирим сўраб шарманда бўлмай десангиз этагингизни ёпинг. Насиҳатни аввал ўзингизга,  сўнг оила аъзоларингизга қилинг.