АУДИОЁЗУВЛАР ТЕМИР ЙЎЛ СИРЛАРИНИ ОЧАДИМИ?
Темир йўл қурилишига оид сирли аудиоёзувда тендерлар, маблағлар тақсимоти, пудратчилар ва ишчиларнинг ҳақи, меҳнат ҳуқуқлари ҳамда давлат харидлари тизимидаги эҳтимолий муаммолар муҳокама қилинади. Иддаолар ҳақиқатлиги текширувни талаб қилмоқда.
Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов темир йўл қурилиши соҳасига оид бир қатор аудиоёзувлар эълон қилиниши ҳақида маълум қилди. Унинг баёнотига кўра, мазкур аудиоёзувларда Шухрат Ибодуллаевич Абдуллаев ҳамда Атабаев Қуранбай Арслон ўғли тилга олинади.
Элтузар ихтиёрига айни аудиоёзув келиб тушди. Унда тендерлар, қурилиш объектлари, маблағлар тақсимоти, шунингдек айрим пудратчилар ва ишчиларнинг ҳақи тўланмагани ҳамда уларга босим ўтказилгани ҳақидаги иддаолар муҳокама қилинган.
Хуллас, гап давлат маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари тизимининг шаффофлиги, қурилиш соҳасидаги шартномавий муносабатлар ва меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши каби муҳим масалалар ҳақида бормоқда.
Агар аудиоёзувларда келтирилган иддаолар тасдиқланса, бу темир йўл қурилиши соҳасидаги айрим жараёнлар бўйича жиддий ҳуқуқий баҳо бериш заруратини келтириб чиқаради. Бош темирйўлчимиз Раматов жанобларига қўшимча бошоғриқ хуллас.
Тендерлар қандай ўтказилгани, қурилиш объектларига маблағлар қандай тақсимлангани, пудратчилар ва ишчиларнинг ҳақи ўз вақтида тўланган-тўланмагани алоҳида текширувни талаб қилади.
Тўғри, ҳар қандай аудиоёзувнинг ўзи айбдорликни исботламайди. Уларнинг ҳақиқийлиги, кимлар ўртасидаги суҳбат экани, қайси шароитда ёзиб олингани ва ундаги иддаолар қанчалик асосли экани ваколатли органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда холис ва ҳар томонлама текширилиши лозим.
Аудиоёзувларда номи тилга олинган Шухрат Ибодуллаевич Абдуллаев ва Атабаев Қуранбай Арслон ўғли ҳам ўз муносабати ва изоҳини билдириш ҳуқуқига эга.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг