Элтузар таҳририятига Сурхондарё вилоятидан бир гуруҳ педагоглар мурожаат қилди. Масала – аттестация.

Сўнгги йилларда ўтказилаётган педагоглар аттестациясида кўплаб тажрибали ўқитувчилар юқори натижа қайд эта олмади. Аввал олий тоифага эга бўлган баъзи педагоглар бу сафар иккинчи тоифа учун ҳам етарли балл тўплай олмаган.

Мурожаат муаллифларига кўра, Узун туманидаги кўплаб ўқитувчилар аттестациядан ўта олмаган бир пайтда, қўшни Сариосиё туманида бошланғич таълим ўқитувчиларининг катта қисми юқори балл билан муваффақият қозонган. Бунинг сабаби нимада?

Мурожаатчиларнинг иддао қилишича, айрим ўқитувчилар тест саволлари билан имтиҳондан олдин таништирилган бўлиши мумкин. Шунингдек, келишилган шахслар педагогларга техник воситалар ёрдамида ёрдам кўрсатгани ҳақида гап-сўзлар урчиган.

Аттестация деган чирик феномен ўқитувчини бемаъни стресслар ботқоғига ботирди. Фан сертификати зарур, тўғри. Лекин аттестация шунчаки коррупция механизмига айланиб кетяпти.

Ҳақиқий билим билан имтиҳон топширган педагог 50-60 балл йиғолмай юрса, бошқалар тест саволларини олдиндан билиб ёки ташқи ёрдам орқали юқори натижа қайд этса, демак, жараёнда қинғирлик бор.

Аттестация борасида ҳар гал «ҳаммаси шаффоф», «ҳаммаси назорат остида» деган расмий баёнотлар билан чекланилади. Аслида бу сокин ботқоқ тубида қандай жинлар ғужғон ўйнаяпти? Яқин ўн йилликда бу саволга жавоб ололмасак керак.