“НАВБАТЧИ ЖАБРЛАНУВЧИЛАР” ВА “ЖОЗИБАЛИ ШАХСЛАР” ТУЗОҒИ
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров “асал тузоғи”, “навбатчи жабрланувчи” ва “жозибали шахслар” орқали мансабдорларни товламачилик ва шантажга тортиш усуллари, бундай провокацияларнинг ҳуқуқий баҳоси ва айбсизларни жиноятга тортиш оқибатлари ҳақида ёзади.
Совуқ уруш вақтида собиқ Совет давлати, АҚШ, Буюк Британия, Исроил каби давлатларининг разведка ва махсус хизматлари томонидан мансабдор, ҳарбий, тадбиркор, дипломат ва ҳакозоларга таъсир ўтказиш, товламачилик қилиш, улардан махфий маълумот олиш ёки уларни муайян қарорга мойил қилиш учун “навбатчи жабрланувчилар”, “жозибали шахслар”дан фойдаланилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.
“Асал тузоғи” (honey trap, honeypot) – бу шахснинг ҳис-туйғулари, қизиқиши ёки жинсий мойиллигидан фойдаланиб, ундан маълумот олиш, таъсир ўтказиш, шантаж қилиш ёки уни муайян ҳаракатга ундашга қаратилган усулдир. Кўп ҳолларда “асал тузоғи” сифатида пул ва аёллардан фойдаланилади.
Мансабдор шахснинг ишончига кириш учун жозибали аёл ёки навбатчи жабрланувчидан фойдаланиш, кейин унга маълум масалани ечишда ёрдам сўраб, пул таклиф қилиш ва шу орқали ушлаш тактикаси, агар у шахсни пора олишга фаол равишда ундашга қаратилган бўлса, ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли ҳисобланади. Шахсни жиноятга ундаш провокация деб ҳисобланиши керак. Ҳарбийларнинг усули оддий фуқароларга қўлланилмаслиги лозим.
Агар, мансабдор шахс аввалдан пора талаб қилиб, олиб келган бўлса ва тезкор тадбир фақат шу мавжуд жиноятни ҳужжатлаштиришга қаратилган бўлса, вазиятни бошқача баҳолаш мумкиндир. Лекин, мавжуд бундай ҳолатларнинг асосий кўпчилиги “буюртма”дан бошқа ҳеч нарса эмас. Буюртмадан мақсад “овозини ўчириш”, жиноятчи сифатида эътироф этиш, жамоатчилик фаоли сифатидаги фаолиятини сўндириш, режа ортидан қувиш ва бошқалар бўлиши мумкин.
Менинг фикрим, давлат органлари жиноятни “яратмаслиги”, балки мавжуд жиноий фаолиятни фош қилиши керак. Бу ҳуқуқ фаоли бўлган кўплаб халқаро нодавлат ташкилотлари томонидан таъкидланиб келинмоқда.
Афсуски, погон учун айбсиз инсонни “айбдор” қилишга қасд қилиш ҳаракатлари бизнинг жамиятимизда ҳам содир бўлаётганлиги ҳақида хабарлар мавжуд. Бу бузуқ тизим собиқ совет давлатидан бизга мерос бўлиб келган. Карьера йўлида инсонийлик ортиқча юк эмас, у одамнинг юзини сақлаб турадиган нарса. Агар, сизда инсонийлик заррача бўлмаса, сиз махлуқсиз.
Айбсиз шахсларни жиноят ишларига жалб қилиш ҳолатларини содир этган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши керак. Суриштирув, хизмат текшируви ёки судлар чиқарган хусусий ажримлар асосида айбдорларнинг жавобгарлиги ҳал этилиши, жабрланганлар реабилитация қилиниши керак. Бу борадаги қонунчилик такомиллаштирилиши лозим. Бундай ноҳақликлар илдиз отиб кетмаган деб, умид қиламиз.
Шунингдек, мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги танқидлар ҳам мунтазам мониторинг қилиниб, бу каби ҳолатларни ўрганиш бўйича идоралараро комиссия фаолияти йўлга қўйилиши ва ҳар бир иш синчиклаб ўрганилиши керак.
Маълумот учун, “асал тузоғи” замонавий ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ҳам муваффақият билан қўлланилади. Сохта аккаунтлар орқали бойиб кетиш, арзон сотиб олиш, романтик муносабатлар ўрнатиш ва бошқаларни таклиф қилган ҳолда кейинчалик фирибгарлик, товламачилик ёки ўғрилик йўли билан пул маблағлари, мулки ва криптовалютасини ўзлаштириш, махфий маълумотларни қўлга киритиш, муайян қарорга мойил қилиш, одам ўлдиришга, суиқасдга йўналтириш ёки терроризмга мажбурлаш ҳолатлари содир этилмоқда.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг