“Мен Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчи оддий фуқаро сифатида ARGOS платформасидаги натижалар ишга жойлашишда рол ўйнамаслиги ҳақида мурожаат қиляпман.

Мен “ижтимоий ходим” лавозимига ишга кириш учун ARGOS платформаси орқали ҳужжат топширдим. Тест босқичидан муваффақиятли ўтдим ва суҳбатга чақирилдим. Аммо суҳбатда «ўйин» бошланди.

Бугунги кунда ҳам давлат ишига киришда номзоднинг билими ёки тайёргарлиги эмас, балки таниш-билиши ва пора бериш имконияти ҳал қилувчи омил экан. Янги Ўзбекистоннинг моҳияти ҳалиям эски экан.

Суҳбатда 200 та савол ичидан 5 таси тушади. Саволлар мураккаб, жавоблари эса жуда узун ва деярли сўзма-сўз айтишни талаб қилади. Ҳатто мазмунан тўғри жавоб берсангиз ҳам, айрим ҳолларда комиссия жавобингизни қабул қилмайди ёки қўшимча саволлар билан атайлаб йиқитади.

Пора берган номзодларга тушадиган саволлар олдиндан етказилишини эшитганмиз. Ҳалол тайёрланган номзодлар эса йиқитилади.

Яқинда бир танишим 1000 доллар пора бериб “ижтимоий ходим” лавозимига ишга кирганини ўзи айтди. Бу ҳолат мени жуда қаттиқ ўйлантирди.
Ахир давлат ишига ҳалол йўл билан киришнинг имкони қолмадими?

Аргос тизимининг вазифаси фақат тест олишми? Суҳбат босқичидаги шаффофлик учун ҳеч ким жавоб бермайдими?

“Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги”нинг Хоразм вилояти бошқармаси ва Ҳазорасп туманидаги ишга қабул жараёнларини жиддий текшириш керак. Суҳбат жараёнларидаги инсон омили ва коррупцион ҳолатларга барҳам берилишини истайман. Давлат ишига фақат билимли, ҳалол ва муносиб одамлар қабул қилиниши керак.”