АҚШ президенти Дональд Трамп атрофидаги сиёсий баҳслар яна авж олди. Унинг саломатлиги, ҳарбийларга муносабати, маъмуриятидаги манфаатлар тўқнашуви ва айрим амалдорлар билан муносабатлари юзасидан танқидлар кучайяпти.

Бу баҳслар 2026 йил ноябрида бўлиб ўтадиган Конгрессга оралиқ сайловлар арафасида янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Трампнинг рейтинги ва иқтисодий вазиятдан хавотирлар республикачилар учун сайлов курашини мураккаблаштириб қўйди. Айрим республикачи номзодлар сайловчилар билан мулоқотда Трампга бўлган яқинлигини камроқ намойиш эта бошлаган.

Pew Research Center сўровига кўра, сайловчиларнинг 42 фоизи Конгресс учун овоз беришда Трампга қарши позицияни асосий омил деб кўрсатган, 22 фоизи эса уни қўллаб-қувватлаш учун овоз беришини билдирган.

Шунингдек, Трампнинг сайлов жараёни ва почта орқали овоз бериш тартибига аралашуви ҳам жиддий ҳуқуқий баҳсларга сабаб бўляпти. Бу масала бўйича федерал судлар ва Олий судда қарама-қарши қарорлар қабул қилинган. Оралиқ сайловлар Трампнинг сиёсий таъсирини яна бир бор тасдиқлайдими ёки унинг маъмуриятига нисбатан жамоатчилик муносабатининг баҳосига айланадими? Кузатамиз.