АҚШ ЎЗБЕКИСТОННИ ТАРИФЛАРНИ ЧЕТЛАБ ЎТИШДА ГУМОН ҚИЛМОҚДА
АҚШ маъмурияти Ўзбекистонни Хитой товарларига қўйилган Америка тарифларини четлаб ўтишда фойдаланилаётган эҳтимолий давлатлар қаторига қўшди. Ҳисоботда хавф даражаси, сабаб бўлаётган омиллар ва эҳтимолий иқтисодий зарарлар баён этилган.
АҚШ маъмурияти Ўзбекистонни Хитой товарларига қўйилган Америка бож тарифларини четлаб ўтишда фойдаланилаётган давлатлар қаторига киритди. Оқ уйнинг “The Great Transshipment Scam” номли ҳисоботида Ўзбекистон билан бирга Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия ҳам тилга олинган.
Ҳужжатда 40 дан ортиқ давлат Хитой товарларини учинчи мамлакатлар орқали АҚШ бозорига олиб кириш схемаларида иштирок этиши мумкинлиги айтилган. Ўзбекистон ва яна уч давлат хавф даражаси бўйича учинчи тоифага киритилган.
Бунга арзон ишчи кучи, эркин иқтисодий зоналар, чегара ва транспорт инфратузилмаси, божхона омборлари ҳамда назоратдаги заифликлар каби омиллар сабаб қилиб кўрсатилган.
Бироқ ҳисоботда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бундай схемаларда айнан қандай иштирок этаётганига оид аниқ далил ёки мисоллар келтирилмаган.
Озарбайжон ва Грузиянинг роли эса транзит ва логистика имкониятлари билан изоҳланган.
АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, Хитой товарларининг учинчи давлатлар орқали олиб кирилиши Америка бюджетига йилига 40 миллиарддан 303 миллиард долларгача зарар етказиши мумкин.
Вашингтон бундай операцияларни аниқлаш учун глобал савдо маълумотларини таҳлил қилувчи сунъий интеллект тизимини жорий этишни режалаштирмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг