АҚШ-ИСРОИЛ ВА ЭРОН МОЖАРОСИ ВАҚТИНЧА КЕЛИШУВ САРИ СИЛЖИМОҚДА
АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий босимлар фонида томонлар Ҳурмуз бўғозини очиш, молия бозорларидаги кескинликни пасайтириш ва Эронга чекланган енгилликлар беришни кўзлаган вақтинча келишув сари силжимоқда, аммо асосий зиддиятлар сақланиб қолмоқда.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий босими Ислом Республикасини синдиришни мақсад қилган эди. Бироқ музокаралардан хабардор манбаларга кўра, томонлар Эронни заифлаштирган, аммо уни тўлиқ тиз чўктира олмаган вақтинча келишув сари ҳаракат қилмоқда.
Reuters суҳбатлашган дипломатлар, расмийлар ва минтақавий таҳлилчиларнинг айтишича, бундай келишув урушни тўлиқ якунлашдан кўра, вақтинча тинчликка ўхшайди. У Ҳурмуз бўғозини қайта очиш, жаҳон молия бозорларидаги босимни юмшатиш, Эрон иқтисодиётига қисман енгиллик бериш ва АҚШ президенти Дональд Трампга сиёсий чиқиш йўли тақдим этишга қаратилган бўлиши мумкин.
Музокаралар доирасида Эрон Ҳурмуз бўғозига қўйган амалдаги тўсиқларни олиб ташлаши, эвазига эса музлатилган активларининг бир қисми озод қилиниши ёки санкциялар чекланган тарзда юмшатилиши мумкин. Манбаларга кўра, Теҳрон учун тахминан 12 миллиард долларлик музлатилган маблағларнинг очилиши келишувнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Собиқ америкалик дипломат Деннис Росс вазиятни “жиддий тактик ҳарбий муваффақиятлар, аммо фундаментал стратегик ютуқлар йўқ” деб баҳолади. Унинг фикрича, асосий зиддиятлар ҳали ҳал этилмаган.
Келишув амалга ошган тақдирда ҳам, Эрон уран бойитиш дастуридан воз кечиши кутилмаяпти. Вашингтон эса Теҳронга хавфсизлик кафолатлари беришга тайёр эмас. Исроил ҳам Эронни ўзининг мавжудлигига таҳдид сифатида кўришда давом этмоқда.
Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Вашингтон Эрон баллистик ракеталарини йўқ қилиш масаласига аввалгидек қаттиқ урғу бермаяпти. Бу эса Исроил ва Форс кўрфази давлатларида хавотир уйғотиши мумкин.
Келишув йўлидаги тўсиқлардан бири Эроннинг Исроил “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳужумларни тўхтатиши кераклиги ҳақидаги талаби ҳисобланади. Манбаларга кўра, Трамп маъмурияти Ливандаги вазият кескинлашса, Ҳурмуз бўғози бўйича келишув издан чиқишидан хавотирда.
Таҳлилчиларнинг айтишича, ҳатто вақтинча битим тузилса ҳам, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг мамлакат ичидаги таъсири янада кучайиши мумкин. Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти эксперти Дэвид Шенкер бу ҳолатни “улар аввал тахт ортидаги куч эди, энди эса кучнинг ўзига айланди” деб таърифлади.
Кузатувчилар фикрича, эҳтимолий келишув урушнинг айни босқичини тўхтатиши мумкин, аммо Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги асосий қарама-қаршиликларни ҳал қилмайди. Росснинг сўзларига кўра, “Исроил ва Эрон учун урушнинг бу боби тугаши мумкин, аммо можаро тугамайди”.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг