АҚШ Эронга қарши ҳарбий операциялар учун тахминан 30 миллиард доллар сарфлаган. Бу ҳақда Оқ уйнинг Маъмурий-бюджет бошқармаси директори Рассел Воут 30 июнь куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг ассигнованиялар қўмитасидаги эшитувда маълум қилди.

Воут конгрессменлар саволига жавоб берар экан, “Биз тахминан 30 миллиард доллар сарфладик”, деди. Унинг таъкидлашича, бу рақам Пентагон томонидан тақдим этилган таҳлилий маълумотларга асосланган.

Шу билан бирга, Воут операцияларнинг ҳақиқий иқтисодий юки 100 миллиард доллардан ошгани ҳақидаги баҳоларга эҳтиёткорлик билан муносабат билдириб, у фақат Мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобларига таянаётганини айтди.

Аввалроқ Reuters Оқ уй Эрон уруши харажатлари бўйича аниқ ҳисоб-китоб беришдан қочаётганини ёзган эди. Кейинчалик Оқ уй Конгрессдан 87,6 миллиард долларлик қўшимча маблағ сўради. The Guardian ва Financial Times маълумотларига кўра, ушбу пакетнинг 67 миллиард доллардан ортиғи Эрон билан боғлиқ ҳарбий харажатлар учун мўлжалланган.

Moody’s Analytics бош иқтисодчиси Марк Занди эса Эрон атрофидаги ҳарбий фаоллик ва энергетика бозоридаги ўзгаришлар АҚШ хўжаликларига жиддий иқтисодий юк бўлганини билдирди. Business Insider ва Fortune келтирган ҳисоб-китобларга кўра, бу харажатлар ҳар бир америкалик хонадон учун тахминан 750-1000 доллар атрофида баҳоланган.

Мутахассисларга кўра, 30 миллиард доллар – асосан ҳарбий операцияларнинг тўғридан-тўғри харажати. 100 миллиард долларлик баҳолар эса кенгроқ иқтисодий таъсирни, жумладан бензин, дизель, авиақатнов ва инфляция билан боғлиқ қўшимча харажатларни ҳам ўз ичига олади.