ИККИ ИШЧИНИНГ ЎЛИМИГА САБАБЧИ БЎЛГАН РАҲБАРЛАРГА 10 МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМА ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ
Ангрендаги “Кўчбулоқ” конида хавфсизлик қоидалари бузилиб, бир ишчи ҳалок бўлди ва яна бири оғир яраланди. Суд айбдор раҳбарларга бир йил лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва 10,3 млн сўм жарима қўллаш билан чекланди.
Ангрендаги “Кўчбулоқ” конида («Олмалиқ КМК») тоғ жинси қулаб тушди. Фалокат оқибатида ишчи Нодир Каршиев воқеа жойида ҳалок бўлди. Экспертиза хулосасини ўқишнинг ўзига юрак дош бермайди: юрак йиртилган, ўпка эзилган, бош суяклари синган, ички аъзолар ҳилвираб қолган.
Тергов хулосасига кўра, хавфли ҳолат аниқлангач ишни тўхтатиш ҳақидаги қоида бажарилмаган. Ишчилар хавфли шахта ичига туширилган.Бир инсон ҳаётдан кетди. Яна бири оғир жароҳат олди.
Техник талабларга зид равишда ишни давом эттирган икки нафар раҳбар айбдор деб топилди. Семгурон участкаси бошлиғи М. Б. ва маҳкамловчи А. М. нинг масъулиятсизлиги, босим ўтказиб кончиларни хавф ўчоғига жўнатгани тасдиқланди. Уларнинг ҳар бирига бир йил мансабдорлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 10 миллион 300 минг сўм жарима тайинланди.
Хўш, бир инсоннинг ҳаёти қанча туради? Суд ҳукмига қарасак, кондаги хавфсизлик талабларини бузиш оқибатида инсон ҳалок бўлса ҳам, жавобгарлик баъзан бир нечта ойлик маош миқдоридаги жарима билан якунланар экан. Бу ҳукмдан сўнг марҳумнинг оиласи қай аҳволга тушди экан?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг