Сурхондарё вилояти Ангор туманидан Элтузарга келган мурожаатда пахта далаларида ҳосил ҳали очилмагани айтилса-да, маҳалла еттилигидан ҳар куни теримга қанча одам чиқарилгани бўйича қаттиқ ҳисоб сўралаётгани билдирилмоқда.

Мурожаат муаллифига кўра, Ангор туманида пахта мавсуми бошланган, аммо айрим далаларда теришга тайёр пахтанинг ўзи деярли йўқ.

Муаллиф бу ҳолат учун «Замин Ангор» кластерини танқид қилиб, кластер тасарруфидаги далаларда пахта ҳали очилмаганини иддао қилмоқда.

Мурожаатда бундан ҳам жиддийроқ иддао келтирилган. Унда Ангор туманига бириктирилгани айтилаётган Сурхондарё вилояти прокурори томонидан Ангор туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираларини ҳам пахта теримига жалб қилиш бўйича «ёпиқ топшириқ» берилгани даъво қилинмоқда.

Бош прокуратуранинг расмий маълумотига кўра, ҳозирги Сурхондарё вилояти прокурори Бахтияр Бабаджановдир. Шунингдек, прокуратура манбаларида унинг 18 сентябрь куни Ангор туманида сайёр қабул ўтказиши эълон қилинган. Бироқ унинг пахта мавсуми учун Ангор туманига махсус «бириктирилгани» ҳақида очиқ расмий қарор топилмади.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 5-моддаси мажбурий меҳнатни тақиқлайди. Кодексда шахс ихтиёрий равишда розилик билдирмаган ишни жазо ёки босим таҳдиди остида бажартириш мажбурий меҳнат сифатида белгиланган.