Сурхондарё вилояти Ангор туманида ёзнинг энг иссиқ кунларида электр энергияси соатлаб ўчиб қолаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, электр таъминотидаги мунтазам узилишлар аҳолини, айниқса қариялар, ёш болалар ва беморларни оғир аҳволга солмоқда.

Айтилишича, ҳаво ҳарорати юқори бўлган кунларда ҳам электр энергияси бир неча соатлаб узилиб, уйларнинг ичи дим ва тоқат қилиб бўлмас даражада исиб кетмоқда. Натижада совутгичлар, вентиляторлар, кондиционерлар ва бошқа электр жиҳозларидан фойдаланиш имкони йўқолмоқда.

Мурожаат муаллифлари сўнгги йилларда электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларга берилган расмий изоҳларни ҳам танқид қилмоқда. Уларнинг фикрича, электр ўчса, гоҳ аномал совуқ, гоҳ аномал иссиқ, гоҳ кучли шамол сабаб қилиб кўрсатилади.

“Сув омбори тошса – каламуш айбдор, кўприк қуласа – дарё айбдор. Чироқ ўчса – табиат айбдор. Хулоса шуки, муаммонинг сабаби ҳамиша бошқада, аммо масъулиятни зиммасига оладиганлар кўринмайди”, – дейилади мурожаатда.

Мурожаат эгалари электр таъминотидаги узилишларнинг асл сабаблари ҳақида аҳолига очиқ ва тушунарли ахборот берилиши, муаммони бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилишини сўрамоқда.

Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан масъул ташкилотларнинг расмий муносабати мавжуд эмас. Элтузар ушбу масала бўйича ҳудудий электр таъминоти корхонаси ёки бошқа ваколатли идораларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.