Сурхондарё вилояти Ангор туманида фаолият юритаётган бир гуруҳ маҳалла хотин-қизлар фаоллари туман ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Муқаддас Нормуродова фаолиятидан норози эканини билдирмоқда.

Элтузарга келиб тушган мурожаатда айтилишича, Муқаддас Нормуродова мазкур лавозимга тайинланганидан буён маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларига уларнинг хизмат вазифалари доирасига кирмайдиган турли топшириқлар бериб келмоқда.

Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, хотин-қизлар фаоллари тез-тез ҳашар ишларига жалб қилиниб, айниқса туман ҳудудидан ўтувчи магистрал йўллар атрофидаги ободонлаштириш ишларида иштирок этишга мажбур бўлаётганини билдирган.

Шунингдек, шикоятчилар тақдим этган аудиоёзувларда раҳбарнинг ходимлар билан мулоқот услуби ва муомала маданиятига оид эътирозлар ҳам билдирилган.

Ангордаги шикоят ортида қандай муаммолар турибди? Хотин-қизлар фаолларининг эътирозлари видеода баён қилинади.

Маҳалла хотин-қизлар фаоллари мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилишини ва уларнинг меҳнат вазифаларига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этилиш амалиёти ўрганилишини сўрамоқда.

Айни пайтда Элтузар ихтиёрида мурожаатчилар тақдим этган аудио материаллар мавжуд. Бироқ, журналистик холислик тамойилидан келиб чиқиб, мазкур масала юзасидан Ангор тумани ҳокимлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбариятининг расмий муносабатини олишга ҳаракат қилинмоқда.

Таҳририят расмий изоҳ ёки муносабат келиб тушган тақдирда уни ҳам эълон қилишга тайёр.