АНДИЖОНДА ПИЛЛАЧИЛИК МАЖБУРИЙ ВАЗИФАГА АЙЛАНДИ
Андижон вилояти фермерлари ипак қурти боқишга мажбурланаётганини иддао қилмоқда. Ҳокимлик босими, ишчи гуруҳлар талаби ва қонунда тақиқланган мажбурий меҳнат масаласи бўйича расмий изоҳ ҳали йўқ.
Андижон вилоятида фермерлар пиллачиликка мажбурланаётгани ҳақида Элтузарга даъволар келиб тушмоқда. Фермерлар эҳтимолий босим сабабли мурожаатда шахслари сир қолишини сўрашди.
Фермерларнинг таъкидлашича, уларга ўз экинларидан ташқари ипак қурти боқиш мажбурияти юкланган ва бу жараёнда вилоят ҳокимлиги уларга босим ўтказмоқда.
Айни дамда Андижон вилоятида текширувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, улар фермер хўжаликларига бориб, пиллачиликни жорий этиш юзасидан талаблар қўйяпти. Ушбу гуруҳлар таркибига таълим муассасалари ва маҳаллий раҳбарият вакиллари жалб қилинган.
«Пилла етиштириш осон эмас, мутахассис бўлмаган феомер буни уддалаши қийин. Ҳар баҳорда пилла ҳарҳашаси авжига чиқади. Безор бўлиб кетганмиз очиғи. Кошки меҳнат ҳаққимизни ўз вақтида тўлашса экан,» – дейди фермерлар ўз мурожаатида.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фермер хўжаликлари ўз фаолиятини шартнома ва бозор тамойиллари асосида мустақил юритиши керак. Мажбурий меҳнат ва мажбурий вазифаларни юклаш тақиқланган.
Ҳозирча расмий идоралар ушбу даъволарга муносабат билдиришмади. Республика бўйлаб вазиятга аниқлик киритиш учун барча Фермерларга савол билан юзланамиз: сиз ҳам мажбуран пилла етиштиряпсизми?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг