АНДИЖОН ЙЎЛ ТИЗИМИДА “ЎЛИК ЖОНЛАР” МОЖАРОСИ
Андижон йўл хўжалиги тизими ходимлари вилоят ҳокими ва Автомобиль йўллари қўмитаси раисига очиқ мурожаат йўллаб, “ўлик жонлар”, норасмий келишувлар, кадрлар қисқариши ва тендерларда шаффофлик етишмаслиги каби жиддий муаммоларни кўтарди.
Андижон вилоятида йўл хўжалиги тизимида йиғилиб қолган муаммолар юзасидан ходимлар томонидан Элтузар орқали вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсуновга очиқ мурожаат йўлланди.
Унда тизимдаги жиддий муаммолар, бошқарувдаги камчиликлар ва эҳтимолий қонунбузилишлар ҳақида сўз боради.
Ҳужжатда қайд этилишича, ташкилотдаги мавжуд вазият жамоада ишончсизлик, қўрқув ва доимий босим муҳитини шакллантирган.
Ходимлар фикрича, раҳбарият фаолиятида тизимли ёндашув ўрнига шахсий манфаатлар устувор бўлиб қолган. Хусусан, Дилшодов Жаҳонгир раҳбарлигида иш жараёнлари кўп ҳолларда норасмий келишувлар асосида юритилаётгани таъкидланган.
Мурожаатда энг долзарб масалалардан бири сифатида “ўлик жонлар” муаммоси тилга олинган. Яъни, расмий ҳужжатларда мавжуд бўлган, аммо амалда ишламайдиган ходимлар орқали маблағлар айлантирилаётгани ҳақида гап-сўзлар кўпайгани қайд этилган. Шу билан бирга, бу ҳолатлар юзасидан очиқ ва холис текширув ўтказилмаётгани ҳам танқид қилинган.
Шунингдек, “сокращение” ниқоби остида тажрибали мутахассисларнинг ишдан четлатилиши ҳам алоҳида қайд этилган. Уларнинг ўрнига маълум шахсларга яқин кадрлар ярим ставкада расмийлаштирилаётгани ва бу ҳолат иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилган.
Айниқса, техник назоратчиларнинг аҳволи оғир экани таъкидланган. Уларнинг зиммасига катта масъулият юкланган бўлса-да, ҳуқуқий ҳимоя ва рағбатлантириш механизмлари етарли эмаслиги қайд этилган.
Мурожаатда яна бир жиддий масала сифатида айрим мансабдор шахслар ва пудратчи ташкилотлар ўртасидаги эҳтимолий норасмий келишувлар тилга олинган. Жумладан, вилоят ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Улуғбек Жўраев номи ҳам қайд этилган.
Бундан ташқари, “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларда шаффофлик масаласи ҳам танқид қилинган. Айрим ҳолатларда тендер жараёнлари очиқлик тамойилларига тўлиқ жавоб бермаётгани ва рақобат муҳити чекланаётгани ҳақида эътирозлар билдирилган.
Мурожаат якунида ходимлар масъул идоралардан мазкур ҳолатларни ўрганиш, холис текширув ўтказиш ва адолатли қарорлар қабул қилишни сўраган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг