Андижон вилоятида юқори лавозимли амалдор пора олиш билан боғлиқ ҳолатда қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан 2026 йил 4 апрель куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Андижон вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари Исманов Исомиддин Бахриддинович ашёвий далиллар билан ушланган.

Маълум қилинишича, тезкор тадбир фуқаро С.Р. Тиллаволдиевнинг аризаси асосида ташкил этилган. Унга кўра, амалдор тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун Бобур шаҳри ҳудудида жойлашган давлат заҳирасидаги 20 сотих ер майдонини аукционга чиқариш, уни ариза муаллифи номига расмийлаштириш ҳамда кейинчалик ушбу ҳудудда қурилиш ишлари учун рухсатнома олиб беришни ваъда қилган.

Бу “хизмат” эвазига эса ҳар бир сотих ер учун 2,5 минг АҚШ долларидан, жами 50 минг доллар талаб қилингани айтилмоқда. Тергов маълумотларига кўра, у мазкур пулни пора тариқасида беришга далолат қилган.

Шу куни соат 20:30 атрофида Андижон шаҳри “Далварзин” маҳалла фуқаролар йиғини, Фаровон кўчасидаги яшаш хонадонида фуқаро С.Р. Тиллаволдиевдан кимёвий ишлов берилган 50 минг АҚШ долларини олган вақтида у қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2026 йил 5 апрель куни Исомиддин Исмановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан 030022/2026-4-сонли жиноят иши қўзғатилган.

Исомиддин Исманов Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ВСХга жойлаштирилган.

Маълумот учун, Исомиддин Исманов 2022–2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи сифатида фаолият юритган.

2025 йил май ойидан эса Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув департаментида тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

2025 йил декабрь ойида кадрлар захирасига ўтказилиб, сўнгра Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланган эди.