БОҒЧА МАЪМУРИЯТИНИ ГЎДАКЛАРНИНГ ҲАҚҚИ ТЕШИБ ЧИҚДИ
Андижондаги 3-сонли давлат боғчасида хўжалик мудираси ва масъуллар болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини талон-торож қилиб, қарийб 290 млн сўм зарар келтиргани аниқланди. Суд ҳукми ва жазо чоралари мақолада ёритилган.
Андижон вилояти Пахтаобод тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 3-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида хўжалик мудираси бир неча ходимлар билан тил бириктириб катта миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлаштириб ва растрата қилгани аниқланди.
Суд ҳужжатига кўра, муассасанинг хўжалик мудири М. Ж., директор Н.Э., ҳамшира Д.Қ. ва бошқалар билан жиноий тил бириктириб, болаларни овқатлантириш учун етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг бир қисмини талон-торож қилган.
Жумладан, 2024 йил 13 октябрь ҳолатига 92 млн 376 минг 650 сўмлик, 2024 йил январь–декабрь ҳамда 2025 йил январь–июль ойлари давомида яна 197 млн 933 минг 100 сўмлик маҳсулот ўзлаштирилгани қайд этилган.
Жами зарар миқдори 290 млн 309 минг 750 сўмни ташкил этган.
Суд М.Ж.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан айбли деб топди.
Унга 1 йил 6 ой муддатга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Бу юзага чиққан бир ҳолат холос. Талон-торож авжида, бироқ расмий арз бўлмаса прокуратура ўрнидан қўзғалмайди. Эркин оммавий ахборот манбаси бу ҳақида сўз очса, ҳоин ва давлатга қарши қайровчи провакатор дейилади. Ўғрини ўғри десанг, ўзинг айбдорга айланадиган замонда яшаяпмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг