Андижон вилояти автомобиль йўллари бошқармаси раҳбари Мирзоҳид Нурматовнинг кадр сиёсати борасида норозиликлар ортмоқда. Иддаоларга кўра, раҳбар ўз атрофига фақат ўзига маъқул, буйруққа сўзсиз бўйсунадиган одамларни йиғиб, мустақил фикрли ва ҳақиқатни айтадиган ходимларни четлатишга уринмоқда.

Мурожаатда раҳбар кадрларни танлашда адолат эмас, шахсий манфаат устун қўйилаётгани таъкидланади. Айрим раҳбарлар аввал “кераксиз” деб ишдан олинган, кейин эса маълум сабаблар билан яна лавозимга қайтарилган.

Ходимларнинг маълум қилишича, туманларда йиллар давомида ишлаб, жамоада ҳурмат қозонган раҳбарлар турли баҳоналар билан қийин аҳволга солинмоқда. Бу ҳолат тизимда ишончсизлик, норозилик ва ички зиддиятларни кучайтирмоқда.

“Муҳим ташриф” баҳонаси билан оддий ишчилар тун бўйи ишлаётгани ҳам алоҳида мавзу бўла олади. Ходимлар мутасаддилардан Андижон вилояти автомобиль йўллари бошқармасининг кадрлар сиёсати, раҳбарлар фаолияти, молиявий ҳолат ва ички бошқарув жараёнларини очиқ текширишни сўрамоқда.

Мурожаатдаги иддаолар асоссиз бўлса, тегишли ташкилотлар буни расмий рад этиши, аксинча, ҳақиқат бўлса, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриши шарт.