АНДИЖОНДА КЛАСТЕР РАҲБАРИ ФЕРМЕРЛАРНИ «ЎЛДИРИБ ЮБОРМОҚЧИ»
Андижоннинг Пахтаобод туманидаги «Ал-Ҳаким» пахта кластери ўтган йили топширилган пахта учун фермерларга ҳалигача пул тўламадиги айтилмоқда. Ҳақини талаб қилган деҳқонлар эса кластер раҳбарияти томонидан таҳдид ва босимга учраётганини иддао қилмоқда.
Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги «Ал-Ҳаким» кластери ўтган йил топширилган пахта учун ҳанузгача пулларни тўламади.
Айни дамда ҳақини талаб қилиб борган фермерлар кластер раҳбарияти томонидан босим ва таҳдидга учрамоқда. Хусусан, фермерлар кластер раҳбари сифатида тилга олинаётган Исроил ҳожи уларни хонасига чақириб, прокуратурага мурожаат қилгани учун ҳақорат қилгани, “ўлдириб юбораман” мазмунида таҳдид қилганини иддао қилмоқда.
Фермерлар, шунингдек, ушбу ҳолатга оид аудиоёзувлар мавжудлигини ҳам билдиришган. Уларнинг сўзларига кўра, раҳбарият томонидан нафақат қарздорлик масаласи ҳал этилмаяпти, ҳақини талаб қилган деҳқонларга нисбатан қўрқитиш ва таҳдид усуллари қўлланиляпти:
«Биз бир йил меҳнат қилдик, пахтамизни топширдик. Энди эса ўз пулимизни сўрасак, таҳдид эшитяпмиз. Агар кластер пулни бермаса, фермер қандай яшайди, қандай экиш-тикиш қилади?» — дейди мурожаатчилар.
Фермерлар ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ва масъул идоралардан амалий ёрдам сўрамоқда. Улар «Ал Ҳаким» пахта кластери фаолияти, фермерлар олдидаги қарздорлик ва раҳбарият томонидан айтилгани иддао қилинаётган таҳдидлар қонуний тартибда текширилишини талаб қиляпти.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг