ЁТОҚХОНА ТЎРТИНЧИ ҚАВАТИДАН ТУШИБ КЕТГАН ЎҚУВЧИ ЙИГИТ ВАФОТ ЭТДИ
Тошкентдаги Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат ётоқхонасининг 4-қаватидан тушиб кетиб, оғир жароҳат олган 16 ёшли иқтидорли ўқувчи Шоҳидбек Жамолиддинов 10 кунлик курашдан сўнг вафот этди. Фожиа ортидан ётоқхоналардаги хавфсизлик талаби яна кун тартибига чиқди.
Тошкентдаги Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатда 16 ёшли ўқувчи Шоҳидбек Жамолиддинов билан боғлиқ фожиа жамоатчиликни чуқур ўйга толдирди.
Маълум бўлишича, у 5 сентябрь куни ётоқхонанинг 4-қаватидан тушиб кетган ва оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Ўн кун давомида шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашган, аммо 15 сентябрь куни ўсмир вафот этган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Олмазор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Шоҳидбек оддий ўқувчи эмас, илмга қизиқиши ва ютуқлари билан ажралиб турган иқтидорли ёш эди. Очиқ манбаларда унинг математика ва илмий йўналишлардаги республика ҳамда халқаро танловларда совринли ўринларни эгаллагани қайд этилган.
Жумладан, 2026 йил июль ойида Олмаотада ўтказилган Халқаро ёш тадқиқотчилар турнирида унинг жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, олтин медалга сазовор бўлган.
Оиласи ҳам илм-маърифат ва адабиёт муҳитига яқин, эл таниб, ҳурмат қиладиган ижодкорлар оиласи экани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Бундай фарзанднинг ҳаёти бевақт узилгани ота-онаси, яқинлари ва уни таниш-билишлар учун оғир мусибатдир.
Аммо бу фожиа фақат бир оиланинг дарди сифатида қолиб кетмаслиги керак. Энг оғриқли савол болалар яшайдиган ётоқхонада хавфсизлик қай даражада таъминланган?
Жамоатчиликда тарқалаётган маълумотларга кўра, ётоқхонада юқори қаватдаги деразаларда боланинг тушиб кетишининг олдини оладиган ҳимоя тўсиқлари решётка ёки бошқа махсус ҳимоя воситалари бўлмагани ҳақида саволлар бор. Бу ҳолатни тергов органлари аниқлаши ва расмий хулоса бериши зарур.
Айни пайтда, мактаб-интернат каби болалар доимий яшайдиган муассасада хавфсизликнинг ҳар бир майда детали дераза, қулф, балкон, зинапоя, навбатчилик ва назорат тизими олдиндан текширилган бўлиши шарт.
Айниқса, иқтидорли болаларни саралаб, уларга халқаро стандартларга мос таълим бериш мақсадида ташкил этилган мактаб-интернатда хавфсизлик масаласи таълим сифати билан бир қаторда туриши керак.
Расмий маълумотларда Ал-Беруний номидаги мактаб-интернат иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга халқаро таълим дастурлари асосида билим бериш учун ташкил этилгани айтилмоқда. Болаларни ота-онасидан узоқда, ётоқхонага олиб келишдан аввал бинодаги барча хавф-хатарлар тўлиқ бартараф этилган бўлиши шарт эмасми?
Шунинг учун бу фожиага фақат «бахтсиз ҳодиса» деб қараб қўйиш етарли эмас. Тергов жараёнида бола қандай қилиб 4-қаватдан тушиб кетгани, дераза ва ҳимоя воситалари ҳолати, ётоқхонадаги навбатчилик ва назорат қисмларига ҳам алоҳида эътибор берилса яхши бўларди.
Агар хавфсизликда камчиликлар бўлган бўлса, масъуллар бунинг учун жавоб бериши ва бошқа бирорта бола тақдири такрорланмаслиги учун аниқ чоралар кўрилиши зарур.
Чунки мактаб-интернатга фарзандини ишониб топширган ота-она, аввало, унинг соғ-омон ва хавфсиз ҳолда уйига қайтишини кутади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг