АГРОИНСПЕКЦИЯ ТИЗИМИДАГИ КОРРУПЦИЯВИЙ ҲОЛАТ БАҲС-МУНОЗАРАЛАРНИ КУЧАЙТИРДИ
Агроинспекциянинг Жиззахдаги масъуллари гувоҳнома бериш эвазига пора олганликда қўлга тушди. Бу ҳолат техника кўриги ва гувоҳнома бериш хизматлари бир қўлда жамлангани коррупция хавфини кескин ошираётгани ҳақида баҳс-мунозараларни кучайтирди.
Қишлоқ хўжалиги техникаларини техник кўрикдан ўтказиш бозорини хусусий сектор учун очиш масаласи яна кун тартибига чиқди. Аввалроқ мазкур соҳада монополия сақланиб қолаётгани ҳақидаги танқидий мақолага Агроинспекция томонидан раддия берилган эди. Аммо орадан кўп ўтмай тизимдаги эҳтимолий коррупция ҳолати ҳақидаги хабарлар сизиб чиқди.
Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Жиззах вилоятидаги икки нафар мансабдори трактор-машинист ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига пул олган вақтида ушлангани маълум қилинди. Ҳолат юзасидан пора олиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар фикрича, техник кўрик ўтказиш, техник паспорт расмийлаштириш, техникани рўйхатдан ўтказиш ҳамда трактор-машинист гувоҳномаларини бериш каби хизматларнинг бир тизим ва чекланган доирадаги ходимлар қўлида қолиши коррупция хавфини оширади. Бундай шароитда давлат органи бир вақтнинг ўзида ҳам хизмат кўрсатувчи, ҳам назорат қилувчи, ҳам рухсат берувчи вазифасини бажараётгани манфаатлар тўқнашувини юзага келтиради.
Шу муносабат билан соҳада рақобатни кучайтириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва трактор-машинист ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурати йўлимизда кўндаланг турибди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг