Агроинспекция Марказий аппаратининг бир гуруҳ давлат фуқаролик хизматчилари Элтузарга мурожаат қилиб, сентябрь ойи учун берилиши лозим бўлган йўлкира ва овқатланиш харажатлари тўланмаётганидан норозилик билдирди.

Ходимларнинг таъкидлашича, Президентнинг ПФ-181-сонли Фармони ҳамда мурожаатда тилга олинган ПФ-182-сонли ҳужжатга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларига иш ҳақи тўлашнинг янги тизими 2027 йил январь ойидан жорий этилиши белгиланган.

Бироқ Агроинспекцияда бошқарув ходимларига бу тўловлар сентябрь ойиданоқ тўхтатилди, ишлаб чиқариш ва техник ходимларга эса тўлаш давом этмоқда.

«Янги тартиб 2027 йилдан кучга кирса, нима учун бизга тегишли тўловлар ҳозирдан тўхтатилди? Нега ходимларга турлича муносабатда бўлинмоқда?», дейилади мурожаатда.

Ходимлар масъуллардан вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш, тўловлар тўхтатилишининг сабабларини тушунтириш ва амалий чора кўришни талаб қилишмоқда.