Ўзбекистон Республикаси Агроинспекцияси ходимларидан Элтузар таҳририятига иш ҳақи тўловлари кечикаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифининг билдиришича, ташкилот ходимларига сентябрь ойи иш ҳақининг “фонд қисми” ҳалигача тўлаб берилмаган. Унинг айтишича, бу ҳолат ходимлар орасида норозиликка сабаб бўлмоқда.

“Агроинспекция ташкилоти ходимларига сентябрь ойи иш ҳақининг фонд қисмини ҳалигача тўлаб бермади. Бу эса ходимларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда”, -дейилади таҳририятга келган мурожаатда.

Мурожаатчи, шунингдек, тўлов кечиктирилган тақдирда ходимларга ҳар бир кечиктирилган кун учун қўшимча компенсация тўланиши-тўланмаслиги масаласини ҳам кўтарган.

У ўз шахси ошкор этилмаслигини сўраб, мурожаат “деярли кўпчилик ходимлар номидан” йўлланаётганини билдирган.

Элтузар Агроинспекциядан иш ҳақининг қайси қисми кечикаётгани, кечикиш сабаби ва ходимларга тўлов қачон амалга оширилиши бўйича расмий изоҳ беришни сўрайди.