Ижтимоий тармоқларда диний блогер сифатида танилган Аброр Мухтор Алийнинг блогер Шерали Комиловга нисбатан судга мурожаати тарқалди. Тарқалган қўлёзма аризада у Комиловдан моддий ва маънавий зарар ундиришни сўраган, шунингдек, унга нисбатан “энг оғир” жазо қўлланишини илтимос қилган.

Ҳужжатда Аброр Мухтор Алий суд жараёнларида шахсан иштирок этмаслигини ҳам билдирган. Аризанинг асиллиги ва ундаги маълумотлар расмий манбалар томонидан ҳозирча очиқ тасдиқлангани йўқ.

47 ёшли Шерали Комилов меҳнат фаолиятини дастлаб ҳуқуқ-тартибот идораларида бошлаган. Кейинчалик хусусий тадбиркорлик ва блогерлик билан шуғулланган. Блогерлик фаолияти давомида у, асосан, диний контент тарқатувчи блогерлар ва айрим диний арбоблар, жумладан Аброр Мухтор Алийнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилиб келган.

У ўтган ой бошида Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг ажрими билан муддатидан олдин озодликка чиқарилган эди. Ажримда келтирилишича, Комиловга нисбатан дастлаб тергов органлари томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми — товламачилик айблови қўйилган, аммо суд ҳукмида у бу эпизод бўйича оқланган.

Шунингдек, тарқалган хабарда Комилов 168-модда 3-қисми — фирибгарликда айбланган эпизод бўйича ҳам оқлангани таъкидланади. Унинг устидан шикоят қилган адвокатнинг ўзи адвокатлик фаолияти билан шуғулланмаслигини Адлия вазирлиги тасдиқлагани ҳақида ҳам иддао бор.

Бундан ташқари, Комиловга Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали 120-модда бўйича ҳам иш очилгани, аммо бу айблов ҳам жамоатчиликда саволлар уйғотгани айтилмоқда. Тарқалган маълумотларга кўра, Комилов мазкур турдаги жиноят ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган ва тегишли видеоматериалларни тақдим этгани боис, кейинчалик ўзига нисбатан иш очилганини билдирган.

Блогер Шерали Комилов Аброр Мухтор Алий дохил бир неча фуқаронинг аризалари асосида туҳмат ва ҳақорат билан боғлиқ айбловлар юзасидан судланган эди. У дастлабки тергов жараёнлари давомида 17 ой тергов ҳибсхонасида сақланган.

Ҳозирча Аброр Мухтор Алий, Шерали Комилов ёки суд органлари мазкур тарқалган ариза ва ундаги талаблар юзасидан расмий изоҳ бергани маълум эмас.