Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Элтузар манбаси берган маълумотга кўра, Аброр Мухтор Алий номи билан машҳур блогер Аброр Абдуазимовнинг ижтимоий тармоқларда Шерали Комилов ва унинг отаси ҳақида айтган сўзлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда суриштирув жараёнлари бошланган.

Манбанинг маълум қилишича, 22 июнь куни Шерали Комиловнинг отаси Китоб тумани прокуратурасига расмий ариза билан мурожаат қилган. Инсайдерга кўра, аризани туман прокурорининг шахсан ўзи қабул қилган ва мурожаатчи билан суҳбат ўтказган.

Айтилишича, прокуратурага блогернинг эфирлари ёзилган дисклар, Шерали Комиловга оид суратлар, Аброр Абдуазимовнинг видеоларида қўлланган сарлавҳалар акс этган скриншотлар ҳамда ушбу материалларни экспертизага юбориш тўғрисидаги илтимосномалар тақдим этилган ва расмий рўйхатдан ўтказилган.

Элтузар манбасига кўра, шундан сўнг Шерали Комилов ва унинг отаси терговга қадар суриштирув жараёнига чақирилиб, улардан тушунтириш хатлари олинган.

Манбанинг таъкидлашича, суриштирув органлари блогер Аброр Абдуазимов билан ҳам алоқага чиққан ва уни Китоб туманига келиб, сўроқ ҳамда Шерали Комилов ва унинг отаси билан юзлаштирувда иштирок этиши зарурлиги ҳақида хабардор қилган.

Инсайдер маълумотига кўра, телефон орқали мулоқот чоғида Абдуазимов “Жакуйнинг отаси оқ қилган” деган иборани Шерали Комилов ҳақида эмас, балки француз актёрининг отаси ҳақида айтганини билдирган.

Шунингдек, ногирон аёллар ва болаларнинг пенсияси масаласида пул олингани ҳақидаги гапларни ижтимоий тармоқларда эшитганини, аммо манбасини эслай олмаслигини айтган.

Шу билан бирга, Аброр Мухтор Алий Шерали Комиловнинг ўз адвокатини алдагани  ҳақидаги гаплар бошқа бир блогер – Дилнур Камилов берган маълумотларга асосланганини билдирган. У агар бу маълумотлар туҳмат деб топилса, жавобгарлик Дилнур Камилов зиммасида бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Инсайдернинг сўзларига кўра, суриштирув ходимлари барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш юзлаштирув жараёнида амалга оширилишини билдирган. Бунга жавобан Аброр Мухтор Алий Шерали Комиловнинг отаси билан юзлашишга рози эканини, аммо унинг ўзи билан юзлашишдан бош тортишини билдирган.

Манбанинг яна бир даъвосига кўра, суҳбат давомида блогер ички ишлар тизимида юқори лавозимларда ишлайдиган танишлари борлигини ҳам тилга олган.

Инсайдер маълум қилишича, Аброр Мухтор Алийга суриштирув органларига ихтиёрий равишда келиши ёки қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий тарзда олиб келиниши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Эслатма: Ушбу хабар ҳуқуқ тартибот идораларидаги Элтузар манбаси берган маълумотлар асосида тайёрланди. Ҳозирча прокуратура ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот бермаган. Шунингдек, блогер Аброр Абдуазимовнинг расмий муносабати ҳам эълон қилинмади. Элтузар барча томонларнинг изоҳини эълон қилишга тайёр.