Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ҳаракатланаётган 47-йўналишли автобусда йўловчи аёлга жинсий шилқимлик қилган 26 ёшли йигит уч суткага маъмурий қамоққа олинди.

Суд материалларига кўра, Т.З. исмли фуқаро автобусда кетаётган аёлнинг танасига тегиб, унга шилқимлик қилган.

Аёл ундан бу ҳаракатларни тўхтатиш ва ўзини одоб доирасида тутишни талаб қилган. Бироқ йигит унинг талабига қарамай, ҳаракатларини давом эттирган.

Иш Сергели тумани жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган. Суд мажлисида ҳуқуқбузар қилмишини тўлиқ тан олган, пушаймонлигини билдирган ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтган.

Суд Т.З.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41¹-моддаси 1-қисми – жинсий шилқимлик қилишда айбдор деб топиб, унга уч сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

Тегажоқ тавия бу хабар чиққан пайтда озодликка чиқди. Катта эҳтимолда тез орада яна бирига суйкалади.