МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ШИОРИ: ИШЧИЛАР ҲАМ ОДАММИ?
4-сонли монтаж бошқармаси ходимлари меҳнат шароитлари оғирлашгани, 12–14 соатлаб дам олмасдан ишлашга мажбурланаётгани ва маошлар кечиктирилаётганини билдирди. Узлуксиз жисмоний меҳнат меҳнат хавфсизлиги ҳамда инсон ҳақларига зид экани таъкидланмоқда.
4-сонли монтаж бошқармаси АЖда ишловчи бир гуруҳ ходимлар Элтузарга юборган мурожаатига кўра, корхонада меҳнат шароитлари оғирлашган, иш вақти меъёридан кескин ошиб кетди, иш ҳақлари эса кечиктирилмоқда.
Монтаж бошқармаси ишчилари баъзи ҳолларда эрталабдан кечаси 24:00 – 1:00 гача дамсиз ишлашга мажбур бўлмоқда. Бу ҳолат аввалги қиш мавсумида ҳам кузатилган бўлиб, ҳозир яна такрорланяпти.
Ойлик маош 3-4 миллион сўм атрофида, шу чақалар ҳам ўз вақтида тўланмайди.
Узлуксиз 12-14 соатлик иш пайти қаттиқ чарчоқ туфайли айрим ходимлар турган жойида ухлаб қолишяпти. Бу ҳолат ишлаб чиқариш хавфсизлигига зид.
Бошқарма раҳбарининг ўзи ҳам 12 соатлаб жисмоний меҳнат қила оладими? Бу риторик савол эди, жавоб «йўқ» эканини биламиз. Бу юртнинг касаба уюшмалари, адлия тузилмаларида бирор жонли раҳбар борми? Бор бўлсангиз, мана бу мажбурий меҳнат пойгасини тўхтатинг.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг