4-сонли монтаж бошқармаси ишчилари Элтузарга йўллаган навбатдаги мурожаатида корхонада ойлик маошлар йиллар давомида оширилмаётгани, байрам пуллари ва жамоа шартномасида кўрсатилган тўловлар берилмаётганини маълум қилишди.

Бошқарма директори Хушназаров Холмурод Холиқович раҳбарлигида ишчилар узоқ йиллардан буён оғир шароитда ишлаб келмоқда. Аммо уларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўланмайди, маошлар 5-6 йилдан бери оширилмаган.

Бозорда нархлар кун сайин ошади, коммунал тўловлар кўтарилмоқда, кундалик эҳтиёж харажатлари ортиб кетган. Бироқ корхонада оддий ишчиларнинг ойлик маоши ҳамон ўша-ўша.

«Биз тинмай ишлаймиз, лекин ойлик маошимиз ошмайди. Байрам пули, премия, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ажратиладиган тўловлар ҳам берилмаяпти. Жамоа шартномасида бор нарсалар қоғозда қолиб кетяпти», — дейди мурожаатчи.

Шунингдек, корхонада қариндош-уруғчилик авж олгани ҳам тилга олинган. Ишчиларнинг иддао қилишича, директорнинг яқин қариндошлари – қизлари, турмуш ўртоғи, ака-укалари ва жиянларига яхши шароит яратилиб, уларнинг ойлик маошлари ўз вақтида ва юқори миқдорда тўланмоқда. Оддий ишчилар эса ўз ҳақини талаб қилишга мажбур.

Бу бошқармада қариндош-уруғчилик, манфаатлар тўқнашуви, ходимлар меҳнатига нисбатан адолатсиз муносабат қачонгача давом этади?

Ҳайит байрами арафасида ҳам ишчиларга на ойлик маош, на ҳайитлик пуллари берилди. Президент фармон ва топшириқларида аҳоли фаровонлигини ошириш, ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш масаласи қайта-қайта таъкидланаётган бир вақтда, жойларда бундай ҳолатлар кузатилаётгани ачинарли. Оддий ишчи йиллаб тер тўкиб ишласа-ю, маоши ошмаса, байрамда ҳам ҳақини ололмаса, бундай бошқарувни қандай адолатли дейиш мумкин?